[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

23.10.2023. 21 октябрь – юртимизда Ўзбек тили байрами куни сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан Авиация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томониидан “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясида Ўзбек тили байрамига бағишлаб “Ўзбек тили – миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли!” мавзусида, маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Мазкур тадбирда “Uzbekistan Airways” АЖ ҳамда таркибий бўлинмалари раҳбарияти ва ходимлари, Ўзбекистон Авиаходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши мутасаддилари, шунингдек, Тошкент авиация транспорт прокурори Шерзод Мамажонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси маслаҳатчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, таниқли шоир Салим Ашуров, “Куч – адолатда” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли адиб Шодиқул Ҳамроев иштирок этди.

Тадбир меҳмонлари барча иштирокчиларни 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни билан табриклаб, буюк қадриятимиз, қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимизнинг миллий ўзлиги ва мустақил давлатимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлигимиз эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Аслида ҳам тил миллатнинг маданияти ва маънавияти, қадим тарихи ҳамда ўша миллатга хос бўлган урф-одатлар мажмуини яққол ифодалайди. Одам дунёни тили билан эшитади ва дили билан идрок қилади. Миллатни миллат қиладиган, уни меҳварида ушлаб турадиган қудрат бу тилдир.

Бош Қомусимизда ҳам давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши эса, тилимизнинг жамиятдаги мавқеини янада юксалтирди.

Тадбирда таъкидланганидек, Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг, нафақат вазифамиз, балки инсоний бурчимиздир.

Жаъфар Кабулов

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати бош мутахассиси