[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

24.10.2023. Аввал хабар берганимиздек, Республикамиз бўйлаб Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2023 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратилиши, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг ўтказилмоқда.

Савдо-саноат палатаси ва Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси вакиллари иштирокида ўтказилаётган Миллий мониторингнинг ҳудудий ишчи гуруҳлари томонидан теримчиларга пахта терими пулларининг ўз вақтида берилиши бўйича ҳам жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Мониторинг жараёнида терим пулларининг ўз вақтида тўланмагани аниқланса, зудлик билан теримчиларга тегишли маблағни ундириб бериш борасида амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Бу каби ҳолатлар кўп бўлмаса-да, айрим жойларда учраб турибди. Хусусан, Навоий вилоятида иш олиб бораётган Миллий мониторинг ишчи гуруҳига 2023 йил 12 октябрь куни телеграм ижтимоий тармоғи орқали мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатда Конимех тумани “Наврўз” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Зулфия Насуллаева “Аҳмад бобо” фермер хўжалигида терим пуллари 5 октябрдан бери берилмаганлигини билдиради.

Ушбу мурожаат юзасидан Миллий мониторинг Ишчи гуруҳи “Навбаҳор текстил” МЧЖ кластерида ўрганиш ўтказган жараёнда кластер бўлими бошлиғи Асқар Одилов  68 млн. 688 минг сўм маблағ “Аҳмад бобо” фермер хўжалиги ҳисоб рақамига ўтказиб берилганлигини маълум қилди. Шундан сўнг, Агробанкнинг Конимех туман филиали бошқарувчиси ўринбосари билан вазиятга ойдинлик киритилиб, банк ходимлари томонидан 13 октябрь куни 161 нафар теримчига терим пулларининг ведомость орқали тарқатилиши таъминланди.

Шунингдек, Навбаҳор туманидаги “Сафар бобо” фермер хўжалиги 1 нафар теримчига ўз вақтида тўламаган 1 млн. 71 минг сўм терим пули ҳам Миллий мониторинг ҳудудий ишчи гуруҳи кўмагида тўлиқ ундириб берилди.

Бундан ташқари Хоразм вилояти бўйича иш олиб бораётган Миллий мониторинг Ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг 17 октябр куни Қўшкўпир туманида ўтказилган мониторинг жараёнида теримчиларга 2023 йилнинг 9 октябридан 15 октябрига қадар жами 2 млрд. 914 млн. сўм миқдоридаги пахта терими пуллари ўз вақтида берилмаганлиги аниқланди. Миллий мониторинг ҳудудий ишчи гуруҳи томонидан тезкорлик билан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида ўз вақтида тўланмаган мазкур терим пуллари ундириб берилишида амалий ёрдам кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, Миллий мониторинг жорий йил 26 сентябрд бошланган бўлиб, 31 октябргача давом этади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати