02.11.2023. Мастурахон Шералиева Андижон тумани ҳокимлигида котиба лавозимида бинойидек ишлаётганди. Унга меҳнат шартномаси муддати тугаши сабабли ишдан бўшатилгани ҳақидаги буйруқни қўлига тутқазишганида ажабланди.
Ҳолбуки, 2023 йил 30 апрель кунига қадар амалда бўлган Меҳнат кодексининг тегишли моддасига кўра, муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилинади. Агар муддат тугагандан кейин ҳам меҳнатга оид муносабатлар давом этаверса, тарафлардан ҳеч бири бир ҳафта давомида унинг бекор қилинишини талаб қилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга узайтирилган деб ҳисобланади.
Котиба ушбу ҳаракатдан норози бўлиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федарациясининг Андижон вилояти кенгашига мурожаат қилди.
Ўз навбатида, вилоят кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспекцияси бош мутахассиси Муҳамадали Куббиев мурожатчи номидан фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судига даъво аризаси киритди.
Суд даъвони қаноатлантириб, ҳоким буйруғини бекор қилди. Котиба фойдасига мажбурий бекор юрган кунлари учун 13 миллион 765 минг 630 сўм иш ҳақларини ундириш ҳақида қарор чиқарди.
Кўпинча қонунларни билмаслигимиз ёки андиша сабаб ҳуқуқ ва манфаатларимиз поймол бўлиши мумкин. Бундай пайтда касаба уюшмалар сизнинг манфаатларингизнинг ишончли ҳимоячиси эканини ҳеч қачон унутмайлик.
Севара Ҳошимова
Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Андижон вилояти кенгаши раиси