13.11.2023. Зулхумор Қурбонова 2022 йил ноябрда Хоразм вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази қабул бўлимига УТТ шифокори (0,25 ставка) этиб ишга қабул қилинди. Аммо орадан беш ой ўтиб, аниқроғи, 2023 йил 23 мартда марказ бош шифокорининг буйруғига кўра, З.Қурбонова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Бундан норози бўлган З.Қурбонова май ойида Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти кенгашига арз қилди. Мазкур мурожаат ўрганилганда, бош шифокор буйруғи шу йил 30 апрелга қадар амалда бўлган Меҳнат кодекси талабларига зид равишда қабул қилингани аниқланди. 2023 йил 16 май куни иш берувчига ходимни ишга тиклаш ҳақида ёзма кўрсатма киритилди.
Бироқ иш берувчи уни бажармади. Шу сабабли фуқаро З.Қурбонованинг манфаатини кўзлаб вилоят кенгаши томонидан судга мурожаат қилинди.
Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди даъво аризасини кўриб чиқиб, З.Қурбоновани Хоразм вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказига қарашли қабул бўлими УЗИ шифокори вазифасига ишга тиклаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди.
Ҳозир Зулхумор ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Унга бекор қолган кунлари учун 11 309 084 сўм иш ҳақи ва 5 000 000 сўм маънавий зарар ҳам тўлиқ тўлаб берилди.
Расул Аллаберганов
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Хоразм вилояти бўйича меҳнат-ҳуқуқ инспектори