27.11.2023. Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат инспектори томонидан ўтган давр мобайнида 37 та тиббиёт муассасаларида жамоатчилик назорати бўйича ўрганиш ишлари амалга оширилди. Ўрганишлар жараёнида ташкилотларда 150 дан ортиқ камчиликлар аниқланиб, иш берувчилар номига бажариш мажбурий бўлган 28 та кўрсатма хати киритилди.
Энг кўп учрайдиган ҳолатлардан бири бу тиббий кўрик масаласидир. Кўплаб иш берувчилар тиббий кўрик масаласига панжа орасидан қараши натижасида, ходимлар чиқимдор бўлиб қолаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди.
Аниқ мисоллар билан айтадиган бўлсак, тиббий кўрик учун 13 млн. 749 минг сўм ўз ҳисобидан маблағ сарфлаб чиқимдор бўлиб қолган 1 минг 37 нафар тиббиёт ходимларининг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, уларнинг сарфлаган маблағлари тўлиқ қайтариб берилди.
Чунки тегишли қонун билан ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишида ходимлар мутлақо чиқимдор бўлмаслиги белгилаб қўйилган.
Зарарли ноқулай меҳнат шароитларида банд бўлган ходимларга сут маҳсулотлари берилиши кўзда тутилган бўлса-да, айрим тиббиёт муассасаларида бу каби маҳсулотлар берилмаётгани аниқланди.
Жумладан, Фарғона вилоят 2-сонли туманлараро фтизатрия диспансерида ишловчи 9 нафар ходим ва Фарғона шаҳар оилавий поликлиникаларда ишловчи 84 нафар ходимлари сут маҳсулотлари билан таъминланиши лозим бўлишига қарамай, берилмасдан келинган. Бу бўйича муассаса раҳбари номига кўрсатма хати киритилгач, ушбу ходимлар сут маҳсулотлари билан таъминланиши йўлга қўйилди.
Мурожаат юзасидан олиб борилган ишлар натижасида касаба уюшма аралашуви билан ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ходиса оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотган Учкўприк туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими анестизисти Олмосхон Иноятовага 58 млн. 967 минг сўм, шунингдек, Фарғона вилоят санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси омбор мудири Жаҳонгир Мирзакаримовга 250 млн. 317 минг сўм суғурта компаниясидан товон пули ундириб берилди.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилмаслиги бўйича иш берувчилар билан доимий мулоқот ўрнатилган. Бу эса ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилмаслигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Равшанбек Фозилов
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат инспектори