04.01.2024. Тошкент шаҳар ҳокимлигида «Аёллар дафтари» тизимининг 4-босқичи доирасида 2023 йил давомида Тошкент шаҳрида амалга оширилган ишларнинг таҳлили ҳамда 2024 йилда амалга ошириладиган вазифалар доирасида Республика комиссиясининг видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов, пойтахт мутасадди идоралари раҳбарлари, Федерация раиси ўринбосарлари ҳамда Федерациянинг Тошкент шаҳар кенгаши масъул ходимлари иштирок этди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси раиси Қудратилла Рафиқов бошчилик қилган йиғилишда «Аёллар дафтари» ижроси доирасида 2023 йил мобайнида пойтахтда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар хусусида сўз борди. Қайд этилганидек, кейинги йилларда аёллар муаммоларини ҳал этиш, уларни ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди.
Жорий йилнинг 21 декабрь куни Президентимиз имзолаган «Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон ҳамда «Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор ана шу ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу фармон ва қарорнинг қабул қилинишидан асосий мақсад – опа-сингилларимизнинг жамиятдаги ролини янада оширишдан иборат.
Мазкур ҳужжатлар билан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги таркибидан чиқарилиб, мустақил қўмита сифатида Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилди. Эндиликда Бош вазир ўринбосари бир вақтнинг ўзида Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ҳам раиси ҳисобланади. Мухтасар айтганда, ушбу фармон ва қарор билан аёллар учун кўплаб қўшимча имтиёзлар белгиланди.
Статистик рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2020-2023 йиллар давомида «Аёллар дафтари» тизими асосида республика бўйича жами 2 миллион 516 минг нафардан зиёд эҳтиёжманд хотин-қизга амалий ёрдам берилиб, бунинг учун 5,1 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Шундан 211 минг нафари Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Хусусан, «Аёллар дафтари»нинг 4-босқичида Тошкент шаҳридаги 17 минг 15 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. 316 нафар опа-сингилга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун жами 4 миллиард 554 миллион сўм кредит ажратилди. Боқувчисини йўқотган 32 минг 303 нафар аёлга, шунингдек, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, соғлиғида жиддий муаммоси бор 38 минг 809 нафар хотин-қизга, қарамоғида ногирон фарзанди мавжуд 6 минг 863 нафар аёлга жами 94 миллиард 492 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз 944 нафар ҳамда уй-жойга муҳтож 60 нафар хотин-қизга жами 663 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам берилди. Боқувчисини йўқотган 99 нафар ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ва тезкор тиббий ёрдамга муҳтож 66 нафар хотин-қизнинг уй-жойи таъмирланди. Уй-жойга муҳтож бўлган 630 нафар аёлнинг уй-жой шароитини яхшилаш чоралари кўрилди. Уларнинг 574 нафарига турар-жой учун жами 827 миллион сўм миқдорида ижара тўлови учун компенсация тўлаб берилди, 40 нафари арзон уй-жойлар билан таъминланди, 16 нафари ижтимоий уйларга жойлаштирилди.
Йиғилиш асноси амалга оширилган ишлар қатори йўл қўйилган камчиликлар ҳам танқидий руҳда кўриб чиқилди.
Жумладан, Яккасарой туманида «Аёллар дафтари»нинг 3 тоифасига киритилган боқувчиси бўлмаган хотин-қизларнинг 42 нафарига, 4-тоифага киритилган ижтимоий ёрдамга муҳтож ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг 34 нафарига ҳамда 6-тоифага киритилган қарамоғида ногирон фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 19 нафарига ҳеч қандай асоссиз ва сабабсиз моддий ёрдамлар тўлаб берилмаган.
Бектемир тумани 4-сектор ҳудудида 5.2-тоифага киритилган 9 нафар хотин-қизнинг атиги 2 нафарига ижара компенсация тўлови тўлаб берилган бўлиб, қолган 7 нафарига сабабсиз ёрдам кўрсатилмаган.
Мирзо Улуғбек тумани 1-сектор ҳудудида 5.2-тоифага киритилган 10 нафар хотин-қизга ижара компенсацияси учун жами 7 миллион, сўм берилган, холос. Бу ҳар бир аёлга 1 йил учун ўртача 700 минг сўмдан тўғри келади, дегани. Аслида эса «Аёллар дафтари»нинг тегишли низомига биноан, ҳар бир аёлга ҳар бир ой учун 500 минг сўмгача, 1 йилда 6 миллион сўм тўланиши белгиланган.
Миробод тумани 4-сектор ҳудудида уйжойи таъмирланиши лозим бўлган 10 нафар хотин-қизнинг бор-йўғи 3 нафари (30 фоизи) нинг уй-жойи таъмирлаб берилган, холос. Янгиҳаёт тумани 2-сектор ҳудудидаги 5 нафар аёлга сабабсиз ижара компенсацияси тўлаб берилмаган. Шайхонтоҳур тумани 3-сектор ҳудудидан 4-тоифага киритилган 1 минг 225 нафар ижтимоий ёрдамга муҳтож ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизнинг 110 нафарига бир марталик моддий ёрдам пуллари умуман тўлаб берилмаган. Ҳисоботларда эса «моддий ёрдам берилмаган хотин-қизларнинг 20 нафари вафот этди, 90 нафари эса моддий ёрдамни рад этди», деб қайд этилган. Масъуллар эҳтиёжманд хотин-қизлардан хабар олгунча уларнинг 20 нафари вафот этган.
Хўш, буни қандай изоҳлаш мумкин? Мутасадди раҳбарлар нега масъулиятсизликка йўл қўйишмоқда? Номигагина берилган ёрдамлар билан улар кимни алдамоқчи бўлишяпти? Афсуски, бу каби ҳолатлар мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларга соя солмай қолмайди. Ахир, опа-сингилларимиз ҳаётига қувонч бағишлаш учун озмунча меҳнат ва машаққат чекиляптими?
– Кун тартибида муҳокама қилинган масалалар, очиғини айтадиган бўлсак, минглаб оилалар ва опа-сингилларимиз учун ҳаёт-мамот масаласидир, – деди Қудратилла
Рафиқов. – Давлатимиз раҳбари бу борадаги ишларга алоҳида аҳамият беряптилар ва жамиятнинг барча кучларини бир жойга жамлаб, ушбу муаммолар билан шуғулланишга жалб этяптилар. Зотан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайта-қайта таъкидлаётганларидек, ҳеч бир фуқаро, айниқса, хотин-қизларимиз ўзининг муаммолари билан ёлғиз қолмаслиги керак. Аҳоли кайфияти бу – ислоҳотларимиз ва сиёсатимизнинг кўзгусидир. Шунинг учун барчамиз аёллар муаммоларини ҳал этиш учун бир ёқадан бош чиқариб, бор кучайратимизни ва шижоатимизни тўлиқ сафарбар қилишимиз, идоралараро самарали ҳамкорликни таъминлашимиз зарур ва шарт.
Дарҳақиқат, айтишга осон туюлаётган мазкур рақамлар ортида минглаб инсонларнинг тақдири ётибди ҳамда бу кўплаб оилалар ва опа-сингилларимиз учун ҳаёт-мамот масаласидир.
Анжуман сўнггида мутасаддиларнинг ҳисоботи тингланди, ваколат доирасида сусткашликка йўл қўйган, белгиланган топшириқларни ўз вақтида бажармаган, раҳбариятга ёлғон маълумот киритган масъул раҳбарлар қатъий огоҳлантирилди. «Аёллар дафтари» бўйича 2024 йилда қилиниши лозим бўлган вазифалар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Маълумот ўрнида: 2024 йилда «Аёллар дафтари» тизими доирасида республика бўйича жами 1 миллион нафар, жумладан, Тошкент шаҳридаги 98 минг нафар хотин-қизга амалий ёрдам бериш, ушбу ёрдамлар сифатини янада ошириш мақсад қилинган.
Ғуломжон Мираҳмедов