[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

09.02.2024. Фарғона вилоят мусиқали драма театри ҳар доимгидан ҳам гавжум. Сабаби театрда ёшлар келажагига дахлдор муҳим мулоқот учрашуви ташкил этилган.

Бу бежиз эмас, албатта. Боиси Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши ҳамкорлигида маданият, спорт, туризм ҳамда Ёшлар агентлиги тизимларида меҳнат қилиб келаётган ёш ишчи-ходимлар ва тизимдаги олий таълим муассасалари талабалари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Отабек Мусаев ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев қатор ҳамкор ташкилот раҳбарлари иштирок этди.

Ғайрат-шижоатга тўлган, Ватаним тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшаман, деган умидли ёшларга давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда. 2024 йилнинг Президентимиз томонидан “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши барча ёшлар учун катта имкониятлар эшигини очди.

Айтиш керакка, ёшлар ҳар жабҳада Ўзбекистон касаба уюшмалари, қолаверса, Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши  томонидан қўллаб-қувватланиб келинмоқда.

Учрашувда сўз олган Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Отабек Мусаев фарғоналик ёшларга қарата Ватанни севиш, тинчликнинг қадрига етиш, юртбошимиз томонидан мамлакатимизда ёш авлод учун яратиб берилаётган шароитларга алоҳида тўхталиб, Янги Ўзбекистон ёшларини олға интилишга ундади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев фарғоналик ёшлар эришаётган муваффақиятлар ҳақида гапирар экан “Сизлар юксак истеъдод ва маҳоратингиз, ижтимоий ҳаётимиздаги фаол иштирокингиз билан янги Уйғониш даври — Учинчи Ренессансни барпо этишга, албатта, муносиб ҳисса қўшасизлар”, деб юксак ишонч билдирди.

Очиқ мулоқот давомида касаба уюшмалари фаолияти ҳамда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича викторина ўйинлари ўтказилди.

Саволларга тўғри ва тезкорлик билан жавоб берган 20 нафар ғолибга “Халқ сўзи” ҳамда “Жадид” газеталарига 2024 йил учун бепул обуна сертификатлари ва Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгашининг қимматбаҳо совғалари топширилди.

— Ёшлар билан ташкил этилган мулоқот биз учун ҳар томонлама фойдали бўлди, — дейди Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиали 2-курс талабаси Зарина Жўрақўзиева. — Бугунги учрашувда ҳаётда ўз ўрнимизни топишда илм-маърифатнинг, тарбиянинг, китоб ўқишнинг ўрнига алоҳида урғу берилди. Келажак шубҳасиз, яхши ўқиган, ўз устида ишлаган  ёшлар қўлидадир. Шундай экан биз ёшлар яхши ўқиб, аждодларимизга мос авлод бўлиб улғайишимиз, юртимизнинг равнақ топиб, юксалишида ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Қолаверса, бугунги викторинада фаол иштирок этиб, “Жадид” газетасига 2024 йил учун бепул обуна сертификатини ва эсдалик совғасига эга бўлдим.

Учрашув доирасида Ўзбекистон Давлат Сатира театрининг маҳоратли ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган “Қалбим соҳили”  номли спектакл намойиши фарғоналик ёшларга манзур бўлди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши