[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

13.02.2024. Бугун Фарғона шаҳри кундан-кунга чирой очиб бормоқда. Айниқса, Экошаҳарнинг бунёд этилиши эса шаҳар кўркига-кўрк қўшмоқда.

Айни пайтда ушбу шаҳарда киши ҳавасини келтирадиган турар жой мажмуалари қад ростлаган. Мактаб, боғча, кўнгил очар масканларнинг қурилаётгани эса аҳоли учун яна бир қулайлик бўлмоқда.

Албатта, бунёдкорлик ишларида қурувчиларнинг алоҳида ўрни бор. Уларнинг меҳнатисиз бирор бир бинони қуришнинг имкони ҳам, иложиси ҳам йўқ.

Бугунги кунда Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти кенгаши тасарруфида 259 та корхона бўлиб, унда 12 мингдан ортиқ касаба уюшма аъзоси меҳнат қилади. Уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меҳнатини муҳофаза қилиш эса тармоқ касаба уюшмасининг асосий вазифасига айланган.

Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари республика Кенгаши раиси ўринбосари Шуҳрат Муҳаммедханов бунёдкорлик ишлари авж олган Экошаҳарда бўлиб, бу ердаги қурилиш ишлари билан танишди. Янги шаҳарнинг бунёд этилишида иштирок этаётган қурувчи-усталар билан суҳбатлашди. Уларга яратилган иш шароити билан танишди. Қизғин суҳбат давомида қурувчи-усталарга касаба уюшмага аъзо бўлишнинг афзалликлари тушунтирилди.

Шундан сўнг бунёдкорлик ишларини амалга ошираётган қурилиш ташкилотлари раҳбарлари ва қурувчи-усталар ўртасида касаба уюшмага аъзоликнинг афзалликларини тушунтириш бўйича мулоқот учрашуви ташкил этилди.

Унда Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари республика Кенгаши раиси ўринбосари Шуҳрат Мухаммедханов, тармоқ касаба уюшмаси республика Кенгаши бош мутахассиси Шохиста Чориева, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев иштирок этиб, касаба уюшмасига аъзолик афзалликлари кенг ва аниқ мисоллар билан тушунтириб берилди.

Албатта, ташкилотларда касаба уюшма қўмитасининг тузилиши иш берувчи учун ҳам, ишчилар учун ҳам бирдек фойдали бўлади. Чунки, ходим касаба уюшмасига аъзо бўлса, уни касаба уюшмаси ҳар жиҳатдан ҳимоя қилади. Айтайлик, ҳуқуқлари бузилса, ойлик иш ҳақини ўз вақтида  ололмаса ва бошқа шу каби ҳолатларда касаба уюшмалари уларни манфаатларини ҳимоя қилади.

Иш берувчилар ва уста-қурувчилар билан мулоқот самарали бўлди.  Иш берувчилар ҳам ўз ташкилотларида касаба уюшма қўмитаси тузилишидан манфаатдор эканликларини, уста-қурувчиларнинг ўзлари ҳам касаба уюшмага аъзо бўлишга тайёр эканликларини билдиришди.

Тўғрида, ишчилар касаба уюшмага аъзо бўлиш билан кўпгина имтиёзларга эга бўлади. Аввало, муносиб шароитда меҳнат қилиш, вақтида дам олиш, меҳнат таътилига чиқиш, саёҳатларга бориш, кўрик-танловларда иштирок этиш, сиҳатгоҳларда дам олиш имконияти бўлади.

Шуниси аниқки, иш берувчилар ва уста-қурувчилар билан бўлиб ўтган мулоқот учрашуви ташкилотларда бошланғич касаба уюшма қўмитаси тузилишига ва аъзолар сони кўпайишига хизмат қилди.

Зоҳиджон Қодиров

Ўзбекистон Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти кенгаши раиси