16.02.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2024 йилдаги “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган йиллик ёшлар дастури” ижросини таъминлаш мақсадида “15 февраль – саратон касаллигига чалинган болалар куни” муносабати билан жорий йилнинг 14-20 февраль кунлари “Мен донорман” хайрия акциялари ўтказилиши белгиланган.
Бугун, Федерация марказий аппарати ходимларидан иборат бир гуруҳ кўнгиллилар ҳам мазкур акция доирасида Республика қон қуйиш марказига ташриф буюрдилар.
Беморларни сифатли қонга бўлган эҳтиёжини қондириш, уларни зарур қон компонентлари билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу эзгулик акцияси қисқа вақт ичида республика бўйлаб барча вилоятларда кенг қулоч ёзди.
“Мен донорман” хайрия акцияси санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда, тиббий кўрик натижаларига кўра муносиб деб топилган кўнгиллилар акцияда иштирок этиб, қон топширдилар.
Республика қон қуйиш маркази мутахассисининг таъкидлашича “қабул қилинган беғараз донорлик ёрдамлари оғир бемор болаларни даволашга йўналтирилади”.
Эслатиб ўтамиз, мазкур акция жорий йилнинг 20 февраль кунига қадар давом этади, шунингдек акцияда иштирок этиш мутлақо ихтиёрийдир.