26.02.2024. Яқинда таълим соҳасида меҳнат қилаётган 60 нафар педагог ходим Федерация ҳомийлигида Хоразм вилоятининг Хива ва Урганч шаҳарларига боришди. Саёҳат юқори даражада ташкил этилди.
Поездда бориб келишдаги шароит, Урганчда бизни мартабали меҳмонлардек кутиб олишгани, Федерация тасарруфидаги «Хоразм палас» меҳмонхонасида кўрсатилган юқори даражадаги хизматлар, саёҳат давомида автобусда ҳам гид хизматининг йўлга қўйилгани, барча-барчаси қалбимизни сурурга тўлдирди.
Хивадаги Ичан қалъани айланиб юрар эканмиз, юртимизда минг йиллар илгари ҳам илм-фан, ҳунармандчилик, санъат ва маданият тараққий этганини кўрдик. Калта минорга боқиб, ўша даврлар ҳунармандлари маҳоратига тан бердик. Масжидлар, мадрасалар тарихи билан танишдик. Асори-атиқаларни ҳайрат билан томоша қилдик.
Бундан ташқари, Урганч шаҳрида ҳавас қилгулик бунёдкорликларни кўрдик. Охунбобо масжидини зиёрат қилдик. Урганч туманидаги «Улли ҳовли» мажмуаси билан танишиб, ўзбек ва туркман халқлари дўстлигига дунё ҳавас қилса арзишини ҳис қилдик.
Автобусда манзилларга қандай етиб борганимизни сезмай қолардик. Боиси йўлбошловчи бизга юртимиз тарихи ҳақида бир-биридан қизиқарли ҳикояларни сўзлаб борарди. Урганчдаги Жалолиддин Мангубердининг маҳобатли ҳайкали ҳам хотирамизга бир умр муҳрланди. Юрт озодлиги учун курашган мард ўғлонга бўлган ҳурматимиз, меҳримиз янада
ошди. Хоразмшоҳлар ҳақида янги маълумотларга эга бўлдик. Шайх Нажмиддин Кубро ҳазратларининг ватанпарварлигидан руҳландик. Умуман, саёҳат ҳар томонлама таассуротларга бой бўлди. Бизга мана шундай имкониятларни бахш этган ташкилотчилардан беҳад миннатдормиз.
Гулнора Ўрозметова
Бўка туманидаги 3-умумтаълим мактаби инглиз тили ўқитувчиси