28.02.2024. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши тизимидаги корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари орқали 65 мингдан зиёд ходимнинг манфаатлари қамраб олинган.
Тармоқнинг аксарият корхоналарида жамоа шартномаларидаги тадбирлар сонининг оширилишида ижобий тамойил барқарор тус олган.
Бугунги кунда тизимда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали анча кенг доирадаги масалалар ўз ечимини топмоқда ва бу нафақат меҳнат муносабатларини самарали бошқариш, меҳнат шароитларини баҳолаш мезонларини келишиб олиш, шунингдек, барқарорлик, фуқаро тотувлиги ҳамда меҳнат жамоаларида ҳамжиҳат бўлиб ишлаш имконини бермоқда.
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши тизимидаги энг йирик корхоналардан бири бўлган “Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамиятида 2022-2024 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 2023 йилда бажарилиши бўйича Маданият саройида Меҳнат жамоаси конференцияси ўтказилди.
“Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамиятидаги 2022-2024 йиллар учун тузилган жамоа шартномасинининг 2023 йилда бажарилиши бўйича “Maxam-Chirchiq” АЖ бошқарув раиси Хотам Анварович Сайдахмедов ва касаба уюшмаси қўмитаси раиси Бахтиёр Мухаммедович Абдуллаевлар томонидан йил давомида ижтимоий шериклик асосида ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсадида амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берилди.
Жамоа шартномасининг бажарилиши бўйича комиссия раиси Уракова Альфия Каримовна далолатнома билан таништирди.
“Мадад” уюшмасининг раиси Зоя Михайловна Глущук 2023 йил давомида жамоа шартномалари бўйича уюшмага кўрсатилган ёрдамлар тўғрисида гапирди.
Меҳнат жамоаси конференцияси кун тартибидаги барча масалалар кўриб чиқилди.
Сўзга чиқувчилар корхона жамоа шартномасининг 2023 йилда бажарилишини қониқарли деб топдилар. “Maxam-Chirchiq” АЖ жамоа шартномасининг бажарилиши бўйича қарор қабул қилинди.
Маърузалар тугагач иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси раиси ходимларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.
Нилуфар Музаппарова
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича бош мутахассиси