28.02.2024. Энергетика тизими мамлакат тараққиётида муҳим аҳамият касб этгани ҳолда, соҳада хотин-қизларнинг фаоллиги кишини ҳайратда қолдиради. Сабаби, бу касб қанчалик машаққатли бўлмасин, унда фаолият кўрсатувчи хотин-қизлар ўз касбининг чин маънодаги фидоийларидир.
Мамлакатимизда туризм соҳасида кўплаб ижобий ўзгаришлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши таркибидаги “Иссиқлик электр стансиялари” АЖ Бирлашган касаба уюшмаси томонидан “Навоий ИЭС” АЖ Касаба уюшмаси қўмитаси ва Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” шиори остида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Crystal Resort” дам олиш масканида “Навоий ИЭС” АЖ хотин-қизлари учун саёҳат ташкил этилди.
Уч кунлик саёҳат давомида станциянинг 50 нафар хотин-қизлари маданий ҳордиқ чиқардилар. Станция Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташаббуси билан улар учун психологик тренинглар ҳам ташкил этилди. Тренинглар давомида хотин-қизларга ҳаётий кўникмалар, оиладаги ҳамда жамиятдаги уларнинг ўрни бўйича қизиқарли машғулотлар ўтказилди.
– Бу тренинглар бизлар учун чин маънода ҳаёт дарси бўлди, – дейди станция Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши раиси Орзигул Шукурова. “ИЭС” АЖ Бирлашган касаба уюшмаси қўмитасининг 2024-йил 18-январдаги 53-C-сонли қарорига асосан, станция ходимлари учун концерт дастурларини ташкил этиш ҳамда уларнинг иштирокини таъминлаш кўзда тутилган. Қўмита томонидан ташкил этилган саёҳат Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова концерт дастурида “Навоий ИЭС” АЖ хотин-қизларининг ташрифини ҳам ўз ичига қамраб олиши билан ёдда қоларли бўлди. Концерт дастурида иштирок этганлар ижобий таассуротлар билан қайтишди.
– Жонли ижро-барибир бошқача кайфият бахш этади. Эътибор эса доим аёллар учун муҳим. Бизга қаратилган эътибор учун, бундай саёҳатлар учун барча ташкилотчиларга самимий миннаддорлигимизни билдирамиз, – дейди саёҳат иштирокчиси Н.Сиддикова. Ташкилотчилар томонидан бу каби саёҳатларни ўтказиш бўйича келгусидаги режалар аниқ белгилаб олинган. Бундан кўзланган асосий мақсад- “Инсон қадри” тамойиллари асосида ишчи-ходимларнинг мазмунли дам олишларини таъминлаш орқали барча соҳаларда, хусусан, ишлаб чиқаришда юқори натижаларга эришишдан иборат.