[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

05.03.2024. Ўзбекистонда ХМТ дастури: Гендерга оид аудит ўтказиш бўйича координаторларни сертификациялаш курсида биринчи босқич якунланди. Кейинги босқич халқаро комиссия ва сунъий интеллект томонидан баҳоланадиган, онлайн тест, оффлайн ёзма ва оғзаки имтиҳонлар жавобига кўра сертификатлаштириш жараёнини ўз ичига олади.

Таъкидлаш зарурки, мамлакатимизда хотин-қизларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини қонун билан муҳофаза қилиш, уларнинг давлат бошқаруви ва жамиятнинг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга ошириб келинаяпти.

Юртимизда аёллар ҳуқуқлари ҳимоясини тубдан кучайтириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир 40 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Хусусан, иккита муҳим қонун — «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги ҳамда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.

Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни амалда таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттириш, шунингдек, БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш мақсадида 2022—2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур тасдиқланди.

Қабул қилинаётган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мажбурий гендер-ҳуқуқий экспертизасидан ўтказиш жорий этилди.

Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди.

2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам аёлларга муносиб шароит яратиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масаласи энг муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланди.

Ўзбекистонда ХМТ билан хамкорлик ва меҳнат соҳасидаги уч томонлама мулоқотга асосланган ҳолда амалга оширилаётган ишлар бошқа мамлакатларга нисбатан олдинда экани халқаро даражада эътироф этилмоқда. Жумладан:

– ХМТ Конвенцияларининг миллий нормаларга имплементацияси, амалда қўллаш бўйича ижобий тажриба;

– Болалар меҳнати, мажбурий меҳнатга барҳам берилгани, янги босқичга кўтарилган жараён, яъни, одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссиянинг фаолияти;

– Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги Мамлакат Дастури, уни амалга ошириш йўл хариталарининг белгиланиши;

– БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига етишда, меҳнат қилишнинг ижтимоий адолат тамойилларига асосланган глобал коалициянинг “Глобал тезлатиш” лойиҳасидаги иштирок этиш ташаббуси кабиларни айтиш мумкин.

Таъкидлаш зарурки, мамлакатимизда  яна бир янги йўналишда биринчилар қаторида иш бошланди. Яъни, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Халқаро меҳнат ташкилоти билан биргаликда, ХМТ дастури: Гендерга оид аудит ўтказиш бўйича координаторларни сертификациялаш курсида таълим олиш лойиҳасини амалга оширмоқда.

Лойиҳа доирасида яқинда ўтказилган онлайн курсда Федерация тизимида фаолият олиб бораётган 10 нафар ходим ўз билимларини оширди. Тингловчилар гендерга оид аудит ўтказишнинг ХМТ методологиясини Ўзбекистондаги нормативлар билан солиштирган ҳолда, ўз қарашларига ҳам эга бўлдилар. 4 хафта давомида ХМТнинг халқаро ўқув маркази вакиллари ёрдамида 7 та ўқув модули ҳамда Гендерга оид аудит ўтказиш билан боғлиқ қўшимча тавсия этилган хорижий адабиётлар мустақил ўрганилиб, ҳар бир модуль бўйича тест топширилди.

Онлайн курс якунида ўрганилган билимлар синалиб, оғзаки ва ёзма имтиҳон топшириш билан бирга амалий машғулот ва суҳбатлар асосида мувофиқлик сертификатини олишга муносиблар ва халқаро реестрда номлари қайд этиладиган мутахассислар аниқланди. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Малака ошириш институтида Гендерга оид аудит, уни ўтказишнинг аҳамияти, мақсадлари, таҳлиллар, жараёнлар, усул-услублари ва амалиётда кўллаш билан боғлиқ амалий кўникмаларга эга бўлган мутахассислар имтиҳон топширдилар.

Гендер аудит — гендер бюджетлаштириш ва гендер экспертиза жараёнларининг бир қисми ҳисобланиб, гендер жиҳатларини инобатга олган ҳолатда бюджетлаштириш ва маблағларни йўналтиришдан сўнг ажратилган маблағларнинг гендер тенглиги тамойилини таъминлаш бўйича мавжуд қонун ва қонуности ҳужжатларига қай даражада тўғри йўналтирилганлигини ўрганиш, мавжуд ҳисоботларни гендер экспертизадан ўтказиш, шу йўналиш бўйича аудит текширувини ўтказишни ифодалайди. Гендер аудит моҳиятан “ижтимоий аудит” бўлиб, у анъанавий “молиявий аудит”дан фарқли равишда “сифат аудити” тоифасига киради ҳамда фақатгина молиявий ҳисоботлар ва ҳолатни эмас, балки ташкилотнинг бошқарув жараёни ва барча даражадаги ижтимоий муносабатларда гендер тенглик нормаларига амал қилиниши ҳам тафтиш қилинади. Гендер аудит аксарият ривожланган мамлакатларнинг гендер сиёсатида ажралмас аҳамият касб этади.

1999 йилда Аёллар тараққиёти комиссияси (Commission on the Advancement of Women – CAW) томонидан Гендер интеграцияси концепцияси (The CAW‘s Gender Integration Framework – GIF) ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур концепция тўрт таркибий қисмдан иборат: сиёсий ирода, техник имконият, жавобгарлик ёки масъулият ва корпоратив маданият. Гендер интеграцияси концепциясининг бу тўрт элементи гендер аудитининг барча даражаларида ўрганилади ва баҳоланади. Яъни бир ташкилот доирасида гендер аудити олиб борилаётган бўлса, унда қуйидаги саволларга жавоб топишга ҳаракат қилиш лозим:

– ташкилот ўз қарорларини қабул қилиш ва амалга оширишда гендер тенглик тамойилини таъминлаш учун қай даражада сиёсий ирода кўрсатди?

– қабул қилинган қарорларни ижро қилиш учун қандай техник имкониятларга эга?

– гендер тамойилини таъминлаш ва гендер бюджетлаштириш жараёнига ташкилот қай даражада масъулият билан ёндошмоқда?

– ташкилотда аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминлаш масаласи корпоратив маданиятга қай даражада сингдирилган?

Гендер аудитни ўтказиш, муддати ва тартиби бўйича кўплаб халқаро тавсиялар ишлаб чиқилган бўлиб, уларни ўрганиш асосида касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тегишли услубиёт ишлаб чиқиб, бугунги кунда амалиётга жорий қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда меҳнаткашлар, эркаклар ва хотин-қизлар меҳнат ҳуқуқларининг тенг таъминланиши, тенг қийматли меҳнатлари учун тенг ҳақ олишлари, ҳеч қандай камситишларсиз, хавфсиз ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларида ишларига бўлган ҳуқуқларидан фойдаланишларини адолатли баҳоловчи аудиторлар сафи кенгаймоқда.