[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

22.03.2024. Бугун Янги Ўзбекистон том маънода янгиланиш ва ўзгаришлар юртига айлангани, бу юртда Давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини юксакларга кўтариш ва халқ турмуши фаровонлигини оширишга қаратилгани билан янада аҳамиятли эканлиги нафақат юртдошларимиз, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Чунки, ушбу ўзгаришларнинг барчаси одамлар кўз ўнгида юз бериб, уларнинг бугунги кундан рози бўлиб яшашларига хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан инсон қадрини улуғлаш ва манфаатларини таъминлаш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга, халқимизни соғломлаштириш борасида ҳам тизимли ишларни амалга оширмоқда. Худди шу мақсадларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан  меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини имтиёзли соғломлаштириш, мамлакатимизда янги санаторийлар барпо этиш, тизимда мавжуд санаторийларнинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, бу орқали меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги тизимли ишлар сифатини янада ошириш борасида қатор ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Сирдарё вилоятидаги “Янгиер” санаторийсида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан қуриб битказилган замонавий Ёпиқ бассейн фикримизнинг ёрқин далилидир.

Юртимиз бўйлаб Наврўз байрами шукуҳи кезиб юрган фараҳбахш кунларда мазкур ижтимоий объектни меҳнаткашларга туҳфа сифатида фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти, Сирдарё вилояти ва Янгиер шаҳри ҳокимликлари мутасаддилари, шоир ва ёзувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда Янги Ўзбекистонда Президентимиз ташаббуслари билан инсон қадрини улуғлаш йўлида барча соҳаларда бирдек амалга оширилаётган кенг кўламли исоҳотлар ва уларнинг натижалари, оддий одамлар турмуш фаровонлигини ошириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар алоҳида таъкиланди. Қайд этиш жоизки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Янгиер” санаторийсида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳам айнан ушбу мақсадларга йўналтирилган. Бу ерда дам олувчиларга Наврўз байрамида ўзига хос туҳфа сифатида барпо этилиб, фойдаланишга топширилган ёпиқ бассейнда саломатликни мустаҳкамлаш ва мароқли ҳордиқ чиқариш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Шунингдек, мазкур иншоот барча зарур замонавий мосламалар, асбоб-ускуналар, анжомлар ҳамда қаттиқ инвентарлар билан жиҳозланди.

Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятига бўлган ташрифи давомида илгари сурилган эзгу ташаббуслари билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилган “Янгиер” санаторийси жойлашган ҳудуди, табиати, ер тубидан қалқиб чиқаётган шифобахш маъданли суви таркибидаги органик минерал тузларнинг даволаш таъсирига кўра кардиологик, неврологик, гинекологик, урологик ва ҳаракат таянч касалликларини даволаш учун ихтисослаштирилган.

Касаба уюшмалари тизимидаги “Янгиер” санаторийси Сирдарё вилоятидаги бальнеологик ва иқлимий курорт  ҳисобланади. Санаторийнинг умумий майдони 33,96 гектарни ташкил этгани ҳолда, маъданли сувининг таркиби йод ва бром минералларига бойдир.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мазкур санаторий саломатликни тиклаш ва турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бу ерда тўғри ташхислаш ва даволаш муолажалари давомида физиотерапия, даволаш жисмоний тарбияси, уқалаш, иссиқлик ва сув билан даволаш, фитотерапия, лазеротерапия, психотерапия усулларидан кенг фойдаланилмоқда. Ушбу масканда ҳар йили меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари имтиёзли равишда мароқли ҳордиқ чиқариб, саломатликларини мустаҳкамлайдилар.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари