16.04.2024. Мамлакатимизда ёшларга эътибор масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, эртамиз эгалари ўзларининг қизиқишлари бўйича ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши, Республика Тармоқ касаба уюшмаларининг вилоятдаги масъул раҳбарлари томонидан ёшлар билан ишлашда янгича ёндошувлар, чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш, бандлигини таъминлаш мақсадида ёшлар билан доимий равишда учрашувлар, очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Бугун, 15 апрель куни Фарғона Жамоат саломатлиги тиббиёт институтида бўлиб ўтган “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ҳам айни юқоридаги масалаларни ўз ичига олди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти Кенгаши раиси Шоҳидахон Каримова ва Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Примқуловлар олий таълим муассасалари талабалари ва ёш ишчи-ходимлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти Кенгаши сафида сал кам 100 минг нафар фаоллар бирлашган бўлса, уларнинг 27 мингдан ортиғини ёшлар ташкил этади.
Албатта, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорларини юзага чиқариш, мароқли дам олишлари ҳамда тарихий қадамжоларга саёхатга юбориш ишларига алоҳида эътибор қаратилади.
Ўтган йили касаба уюшмаси ҳамда иш берувчи томонидан 250 нафардан зиёд ёш ишчи-ходимлар сиҳатгоҳда мазмунли ҳордиқ чиқариб қайтган бўлсалар, 2 мингдан зиёд ёш ишчи-ходимлар Республикамизнинг турли диққатга сазовор жойларига саёхатга юборилди ва бу каби ишлар давом этмоқда.
Сизлар юксак истеъдод ва маҳоратингиз, ижтимоий ҳаётимиздаги фаол иштирокингиз билан янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессансини барпо этишга, албатта, муносиб ҳисса қўшасизлар, деб ишонаман, – деди ёшларга қарата учрашувда сўз олган Шоҳидахон Каримова.
Учрашувда ёшларнинг таклиф ва фикр-мулоҳазалари тингланди, уларнинг саволларига масъуллар томонидан жавоблар қайтарилди.
Тадбир якунида юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшаб, илм ва касб-ҳунар сирларини пухта ўрганаётган, турли танлов ва мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритаётган бир гуруҳ ўғил-қизларга эсдалик совғалари топширилди.
Шоҳсултон Тўхтаматов