[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

19.04.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши раиси Гулсара Қурбонбоеванинг “Раҳбар ва ёшлар” туркумидаги навбатдаги учрашуви Ал Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиалида бўлиб ўтди.

-“Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат” деган эди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида. Давлатимиз раҳбари ҳар куни, ҳар лаҳза ёшлар тақдири ҳақида қайғуради, ғамхўрлик қилади десак муболаға бўлмайди,-дея таъкидлади кенгаш раиси. Гулсара Аҳмедовна ўз сўзида кейинги йилларда амалга оширилган инсонпарвар сиёсат моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўхталди. Ёшлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида гапирди.

Мамлакатдаги энг катта жамоат ташкилоти сифатида касаба уюшмаларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганлиги, Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари ҳаётида ҳам туб бурилишлар ва улкан ўзгаришлар юз берганлигини таъкидлаб, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ҳақида тўхталди. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидорларини рўёбга чиқариш, жамиятда ўрнини топишларига кўмаклашиш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида гапириб берди. Кенгаш раиси шунингдек, янги ўқиган китобларидан олган таассуротларини ўртоқлашди. Ёшларни фаол бўлишга, ота-онани қадрлашга, ахборот технологияларидан самарали фойдаланиб, юртимизнинг янада ривожланишига ҳисса қўшишга ундади.

Тадбирда шунингдек, узоқ йиллар “Ўзбекистон почтаси” АЖ Хоразм филиалига раҳбарлик қилган, айни пайтда шу соҳа касаба уюшма қўмитаси раиси Отабой Раҳимов сўзга чиқиб, бўлажак ҳамкасбларига касб сир-асрорлари, ўз фаолияти, тажрибалари, жамиятда ўз ўрнини топиш учун қандай ҳаракат қилиш кераклиги ҳақида сўз юритди.

Шуни айтиб ўтиш керакки, мазкур илм даргоҳининг компъютер инжинеринг факультети ахборот хавфсизлиги йўналиши 3-босқич 951-21-гуруҳ талабаси, Нафиса Қодирова Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси стипендиати саналади. Нафисанинг турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган 1 нафар фарзанди бор. У аъло ўқиши, жамоат ишларида фаоллиги билан барчага намуна. Нафисага 6 ой давомида ойига республикада белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида, яъни 1 млн. 700 минг сўм касаба уюшмалари стипендияси тўлаб келинмоқда.

Учрашувда ёшларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб қайтарилди.

Бахтиёр Исмоилов

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси