03.05.2024. Фарғона шаҳридаги 21-ИДУМда тарбия фани ўқитувчиси бўлган Манзура Мансурованинг январь ойи охирида соғлиғи ёмонлашгани сабабли касаллик варақасига чиққани, ишга қайтганида дарс соатларидан 8 соати ечилгани тўғрисидаги мурожаати Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Фарғона шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар давомида маълум бўлишича, Мансурова Манзура Махсудовна Фарғона шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 21-айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган ўрта таълим мактабида 2019 йилдан буён тарбия фани ўқитувчиси лавозимида ишлаб келмоқда. 2023-2024 ўқув йили ўқитувчилар тарификацияси рўйхатида унга хафталик 30 соат дарс бириктирилган бўлиб, 2023 йил 10 ноябр кунидан 10-Е синфи қисқарганлиги сабабли М.Мансуровада хафталик 29 соат дарс қолган.
Ўқув йили бошидан, яъни сентябрь ойидан январь ойигача М.Мансурова жами 22 иш куни касаллик варақаси ва ўз ҳисобидан меҳнат таътилида бўлганлиги оқибатида мактаб ўқув режаси тўлиқ бажарилмаган ва ўқувчилар назоратсиз қолиб кетмаслиги учун бошқа ўқитувчи топиб, ушбу дарсларни ўтишга тўғри келган. Бу ҳолат ўқитувчилар ва ота-оналарнинг эътирозларига сабаб бўлган. Мактаб директори У.Муйдинов бир неча маротаба тарбия фани ўқитувчиси М.Мансурова билан шу хусусда суҳбат ўтказиб, унга берилган 29 дарс соати ўз вақтида ўтилиши кераклиги ва ота-оналардан эътирозлар бўлаётганлиги тўғрисида огоҳлантирган.
М.Мансурова соғлиги ёмонлашиб, унга берилган 29 соат дарсларини ўз вақтида ўтмай қолганлиги сабабли 2024 йил февраль ойида ундан 8 соат дарс ечиб олинган ҳамда бошқа ўқитувчиларга берилган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июнь куни 3271-рақам билан рўйхатдан ўтказилган “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан умумтаълим муассасалари томонидан шакллантирилган дарс соатлари сеткаси умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилиб, ҳар йили 15 сентябрга қадар ўқитувчиларга дарс соатлари айрим кўрсаткичларнинг устувор кетма-кетлиги асосида тақсимланади. Мазкур Низомнинг 15-бандида умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан дарс соатлари қайта тақсимланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Фарғона шаҳар бўлинмаси кенгаши томонидан 21-айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган ўрта таълим мактаби директори У.Муйдинов ва бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Н.Шарифуллина иштирокида М.Мансурова билан суҳбат ўтказилди. Суҳбат давомида хақиқатдан ҳам М.Мансурованинг соғлиги туфайли дарсларини ўз вақтида ўтмай қолганлиги, 5 ой давомида 22 иш куни иш жойида бўлмаганлиги тасдиқланди. Ҳозирги кунда М.Мансуровада тарбия фанидан 21 соат дарс мавжуд эканлиги, яъни бир ставкадан ортиқ дарс билан таъминланганлиги маълум бўлди.
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши