08.05.2024. Самарқанд шаҳридаги спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослашган спорт мактабида “Соғлом ва завқли ҳаёт учун!” шиори остида нуроний отахон ва онахонлар ўртасида кўпкураш беллашувлари ўтказилди.
Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан вилоят ҳокимлиги, спорт бошқармаси, Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси вилоят бирлашган қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган беллашувларда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан спортга ихлосманд 100 нафарга яқин нуроний отахон ва онахонлар иштирок этдилар.
Мусобақанинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фармон Тошев, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Шуҳрат Негматов ва бошқалар кексаларнинг улуғ ёшда ҳам майдонга чиқиб, ёш авлодга ибрат кўрсатаётганликларини эътироф этдилар.
– 70-80 ёшли отахону онахонларни майдондаги шижоатини кўриб биз ҳам завқландик, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. – Шу боис бу каби мусобақаларни мунтазам ташкил этишни таклиф этмоқдамиз. Чунки, аҳоли ўртасида спортни, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда бундай мусобақаларни айни муддаодир. Зеро, кекса авлод вакилларининг шижоати, албатта, ёш авлодни спорт майдонларига етаклайди.
Белгиланган шартларга кўра иштирокчилар югуриш, баскетбол тўпини саватга тушириш ва шахмат-шашка бўйича ўзаро беллашдилар. Мусобақа якунида иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
– Анчадан бери ўзимни бугунгидек енгил ҳис қилмагандим, – деди оқдарёлик 75 ёшли Бурхон ота Умиров. – Турмуш ўртоғим билан соғлом турмуш тарзига амал қилиб, ҳар куни эрта тонгдан югурамиз. Бу анъана фарзандларимга, улардан набираларга ўтган. Улар эрталабки бадантарбияни канда қилмайдилар. Бугун тенгдошлар, ҳамфикрлар билан биргаликда ёшликни эслаб, беллашувларда қатнашдик. Бизни ёдга олиб, ҳурмат-эътибор кўрсатиб, шундай мусобақа уюштирганларга минг раҳмат.
Соғлом турмуш тарзи тарғиботига бағишланган мусобақа якунида нуронийлар бир пиёла чойга таклиф этилдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати