08.05.2024. Инсон қадри улуғланаётган юртимизда барчага бирдек эҳтиром кўрсатиб келинмоқда. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан ўтказилган тадбир ҳам инсон қадрини улуғлашга қаратилган. Мана, неча йилдирки анъанавий тарзда нишонлаб келинаётган мазкур тадбирдан кўзланган мақсад ҳам қадриятга асослангани билан аҳамиятлидир.
9 май– Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгашида уюштирилган навбатдаги тадбирда соғлиқни сақлаш соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб келаётган ходимлар, нафақадаги фахрийлар, шунингдек, касаба уюшма фаолларидан бир гуруҳига Ёднома ва Қадрномалар топширилди.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон кенгаши раиси Улуғбек Жалменов ҳамда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Лиза Байбосинова юртимизда Президентимиз ташаббуслари билан инсон манфаатларини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳтлар ва уларнинг натижалари хусусида алоҳида тўхталдилар.
Тадбир сабаб ширин дийдорлашган тиббиёт ходимларининг кўнгиллари кўп йиллик меҳнатлари ва инсон қадри эътирофининг амалий ифодасидан хушнуд бўлди.
Фотима Абдураимова