23.05.2024. Орзигул опа нега сарсон бўлди?
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида туну кун фаолият кўрсатадиган қисқа рақамли 1211 «Ишонч телефони»га Сурхондарёдан Орзигул Турдимуродова қўнғироқ қилди.
Маълум қилишича, қайнотаси Аллаберди Худойберганов 2018 йилда уйжойини Орзигул опанинг ўғли Отабек Муҳиддин ўғли Аллабердиевга ҳадя қилган. Аммо Термиз тумани МИБ ижрочиси уларнинг уйига келиб, «Уйни олди-сотди қилганларингиз учун 5 миллион сўм даромад солиғи чиққан» деб айтади. Опа уй олди-сотди қилинмагани, ҳадя қилиб берилгани ҳақида тушунтириб, ҳужжатларни кўрсатади, кейинчалик вилоят, туман солиқ инспекциясига мурожаат қилса-да, нотўғри чиқарилган даромад солиғи бекор қилинмайди. Оқибатда Орзигул Турдимуродова нотўғри чиқарилган солиқни бекор қилишда ёрдам сўраб, «Ишонч телефони»га мурожаат қилишга мажбур бўлади.
«Ишонч телефони» комиссияси аъзолари мурожаат бўйича Сурхондарё вилояти Солиқ бошқармаси билан боғланишди. Вазият тушунтирилди. Шундан сўнг, ҳолатни ўрганиб чиққан солиқ бошқармаси масъуллари Орзигул опанинг ўғли номига чиққан солиқни бекор қилди.
Хуллас, бир мутахассиснинг хатоси туфайли туман даражасидаги оддий ишнинг ҳал қилиниши республика даражасидаги аралашувга айланди, қолаверса, мурожаатчининг ортиқча вақти, асаблари кетди. Аслида, Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси ёки Термиз тумани солиқ инспекцияси масалани фуқаронинг дастлабки мурожаатида ҳал қилиб берса бўларди.
«Ҳозир ишларимиз яхши»
«1211» рақамига сим қоққан яна бир мурожаат эгаси – Ойбегим Содиқова.
У Бухоро вилоятининг Когон шаҳридан. 2 нафар фарзанди бор. «Аёллар дафтари»да турарди. Давлат томонидан унга тикув машиналари берилди. Натижада тикувчилик цехини очди. Қўл остида 2 нафар ишчиси ҳам бор. Ҳозир ишлари қизғин кетмоқда, йирик буюртмалар ҳам қабул қилинмоқда.
Аммо унинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. У икки нафар боласи билан ижарада яшайди, субсидия берилишини кутиб юрибди. Қолаверса, давлат ёрдамидан ташқари, ўз ҳисобидан ҳам кредитга 5 та тикув машинаси олган. Ҳар ойда кредит тўлайди. Шу боис у туман, сўнгра вилоят мутасаддиларига оверлок ускунаси олиб бериш масаласида ёрдам сўраб чиқди. Аммо унинг мурожаатлари эътиборсиз қолдирилди.
Ўйлаб-ўйлаб, Ойбегим ҳам «Ишонч телефони»га мурожаат қилди.
– Мурожаатимдан кейин бир-икки кун ўтиб, оверлок ускунаси олиб келиб беришди, – дейди Ойбегим Содиқова. – Ҳозир ишларимиз яхши. Янги буюртмалар қабул қиляпмиз. «Ишонч телефони» комиссиясига миннатдорлик билдираман.
Зебо Намозова