27.05.2024. Ташқи миграцияда юрган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак кўрсатиш, мушкулини осон қилиш борасида бошланган хайрли ташаббусда Фарғона вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Маҳалла “еттилиги” иштирокидаги Ишчи гуруҳ хонадонма-хонадон юриб, айни чоғда хориж мамлакатларида меҳнат қилаётган фуқаролар билан телефон орқали суҳбатлашилиб, анкета-сўровнома асосида хатлов ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, миграцияда бўлган фуқаролар билан телефон орқали мулоқотда унинг қандай иш билан шуғулланаётгани, яшаш шароити, иш ҳақларини олишда муаммолар йўқлиги, агар қийинчилик сезаётган бўлса, кўмак кўрсатилиши, Ўзбекистонга қайтиш истагини билдирган фуқароларга юртимизда бандлигини таъминлаш чоралари кўрилиши тушунтирилмоқда.
Вилоятнинг Фурқат туманида 2 минг 740 нафар киши хорижда меҳнат қилмоқда. Ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир хонадонга кириб, улар билан телефон орқали суҳбатлашиб, анкета сўровномаларини тўлдирмоқда.
— Маҳалламиздан 41 киши хорижга ишлашга кетган. Уларнинг 12 нафари аёллар. Ишчи гуруҳ аъзолари билан уларнинг яшаш хонадонига бориб, оила аъзолари ва ўзлари билан телефон орқали суҳбатлашиб, анкета сўровномаларини тўлдиряпмиз, — дейди Фурқат тумани “Қизил-қиёқ” МФЙ раиси Иброҳим Қўчқаров. — Суҳбатдан маълум бўлмоқдаки, уларнинг аксарияти ўз иш ўрнини топгани, ойлик иш ҳақларини олишда ҳеч қандай муаммо йўқлиги, фақат Ватан соғинчи қийнаётганлигини айтмоқдалар.
Шу қишлоқда туғилган Миршоҳид Абдураҳмонов ҳам 5 йилдан бери Россия давлатида ишлайди. Сўровнома тўлдириш пайтида аён бўлдики у қурувчилик билан шуғулланмоқда. Иши, яшаш жойи, иш ҳақи, саломатлиги, умуман, ҳаммаси жойи экани, маошларини тўплаб, ўз қишлоғида тадбиркорлик қилиш нияти борлигини билдириб ўтди.
Шу ерлик Ўктамхон Пўлатованинг икки фарзанди ва келини айни пайтда Россия давлатига ишлашга кетган. Ўғли Аҳроржон ошпаз, қизи Шоирахон ошпаз ёрдамчиси, келини Севарахон эса дўконда сотувчи бўлиб ишламоқда. Рости, йўқловдан Ўктамхон опанинг кўнгли ёришиб кетди. Фарзандлари яхши ишлаб, яхши маош олаётгани, кунда-кунора фарзандлари билан телефон орқали мулоқот қилаётгани, ишлари дурустлигини айтди. Ишчи гуруҳ улар билан видео мулоқот қилиб, яшаши, турмуш шароитини ўргандилар. Савол-жавоблар орқали сўровнома тўлдирилди.
Хонадонма-хонадон юриб, хориждаги юртдошларимизнинг ҳолидан хабар олиш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш, қийин аҳволга тушиб қолган ватандошларимизга кўмак кўрсатиш, Ватанига қайтиш истагини билдирган юртдошларимизни ишга жойлаштириш, бандлигини таъминлаш каби хайрли ишларда ҳеч бир юртдошимиз эътибордан четда эмаслигини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши