[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

01.06.2024. Бола – бу ўзгача бир олам, ҳаёт мазмунининг ажралмас қисмидир. Болалар ўз табассумлари орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон мусаффо осмонда эркин парвоз этаётган қалдирғоч мисоли. Шу боис ҳам мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан ҳар томонлама баркамол авлод тарбиясига юксак эътибор қаратилиб, кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳам болажон юрт ва бахтиёр болалар мамлакати бўлган Янги Ўзбекистонда бу йил янада ўзгача руҳ ва кўтаринки кайфиятда нишонланди.

Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Республикамизнинг турли ҳудудларида “Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари” шиори остида байрам тадбирлари ташкил этилиб, Меҳрибонлик уйлари ва “Оилавий болалар уйлари” тарбияланувчилари, махсус мактаб-интернатлари ўқувчилари, хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбийлар ва Ички ишлар идоралари ходимлари фарзандлари, чин етим ва эҳтиёжманд оилалар ўғил-қизларининг кўнгиллари кўтарилди.

Ана шундай тадбирлардан бири пойтахтимиздаги Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида ўтказилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тантанали тадбирга Тошкент шаҳридаги 22- ва         30-Меҳрибонлик уйлари ҳамда SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари Тошкент филиалида тарбияланаётган, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалардан бўлган ўғил-қизлардан 1000 нафарга яқин болажонлар таклиф этилди.

Президентимиз ташаббуслари билан қайта тикланиб, халқимизга тақдим этилган мазкур муҳташам саройда болажонлар ҳарбий оркестр ижросидаги куйлар садоси остида кутиб олинди. Ёш авлод вакилларига пешвоз чиққан эртак қаҳрамонлари ва цирк артислари иштирокида ташкил этилган маданий тадбир эса болажонлар қувончига янада қувонч қўшди.

Шундан сўнг болажонлар учун Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи қошидаги “Қалдирғоч” болалар санъат маркази томонидан махсус саҳналаштирилган “Супер Қорасоч” мусиқали спектакли намойиш этилди.

Касаба уюшмалари саройи ижодкорлари саҳаналаштирган “Супер Қорасоч” спектакли орқали катта-ю кичик қадр топган, инсон қадри улуғланган, баркамол авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратилаётган Янги Ўзбекистондаги эзгу ишлар тарғиб этилди. Хусусан, ўзга сайёрадан Ер сайёрасига тушиб қолган бош қаҳрамон – Қорасоч барча саъй-ҳаракатлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган ва бағрикенглик, меҳр-оқибат, бирдамлик олий қадриятга айланган Янги Ўзбекистонни кўрган заҳотиёқ севиб қолади. Ана шундай юртдагина ўзини чинакамига бахтиёр ҳис эта олган бошқа қаҳрамонлар ҳам Янги Ўзбекистонда қолишга қарор қиладилар.

Спектаклдан сўнг болажонлар байрам дастурхонига таклиф этилиб, маданий тадбирда ҳам иштирок этдилар.

Шундан сўнг болажонлар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Жамоат хавфсизлиги институтида бўлдилар.

Ушбу маскан бўйлаб ташкил этилган саёҳат давомида ўғил-қизларга Миллий гвардия фахрий қоровул қўшинларининг, ҳарбий оркестр ва отлиқ аскарларнинг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Буларнинг барчаси ёш авлод вакилларида катта таассурот қолдирди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Республикамизнинг барча ҳудудларида меҳнаткашлар фарзандлари учун худди шу каби маданий-маърифий ва тантанали байрам тадбирлари ташкил этилиб, болажонларга байрам совғалари топширилди. Шунингдек, Меҳрибонлик уйлари, Оилавий болалар уйлари, махсус мактаб-интернатлар, кам таъминланган, кўп болали ва боқувчисини йўқотган оилаларда тарбия топаётган ўғил-қизлар ҳолидан хабар олиниб, хуш кайфият улашилди ҳамда спорт жиҳозлари, кийим-кечаклар ва китоблар тўпламлари ҳадя этилди.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари