19.06.2024. Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилояти кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспекторлари вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасида ҳамда унинг туман (шаҳар) бўлимларида ўрганиш ўтказди. Инспекторлар эътиборини 2023 йил август, сентябрь ойларида ходимларга тўланган махсус тўлов ва бирйўла тўланадиган тўловлардан ўртача иш ҳақи ҳисобланган рақамлар тортди. Шу боис бу масала обдон назардан ўтказилди.
Маълум бўлдики, Сирдарё вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан ходимлар ҳисобига 2023 йилнинг август ва сентябрь ойлари учун таътил пулига қўшиладиган айрим қўшимча маблағлар тўланмаган. Шу боис Сирдарё вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори Абдураҳим Албеков Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи номига ходимларга юқоридаги тўловлар тўланиши юзасидан кўрсатма хати киритди. Аммо раҳбар мазкур хатни ижросиз қолдирди. Қизиқ, 36 нафар ходим учун тўланадиган қўшимча маблағни тўлашга рухсат бериш учун раҳбарга қандай куч қаршилик кўрсатган экан?
Хуллас, раҳбар ҳам, меҳнат инспектори ҳам ўз фикридан қайтмади. Абдураҳим Албеков кейинги босқичда ишни ижобий ҳал қилиш ҳаракатини бошлади. 36 нафар ходимнинг 247 708 326 (икки юз қирқ етти миллион етти юз саккиз минг уч юз йигирма олти) сўм миқдоридаги пул маблағини ундириш бўйича ФИБ Гулистон туманлараро судига даъво аризасини киритди.
Адолатпарвар суд ишни синчковлик билан кўриб чиқди ва киритилган даъво аризасини қаноатлантирди. Натижада шу йилнинг апрель ойида тегишли пул маблағлари ходимларга тўлаб берилди.
Зебо Намозова