[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

03.07.2024. Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган «Иқлим ўзгариши бўйича касаба уюшмалари ҳаракати» мавзусидаги ҳудудий конференцияда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари ҳам иштирок этдилар.

Шунингдек, тадбирда Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон миллий касаба уюшма марказлари, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси вакиллари иштирок этдилар.

Конференцияни Халқаро меҳнат ташкилотининг (AKTRAV) Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича департаменти бошлиғи Сергеюс Гловакас ва Қозоғистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси раиси Сатибалди Даулеталин очиб беришди.

Анжуман давомида ХМТнинг катта мутахассиси Лене Олсен ХМТнинг иқлим ўзгариши ва унга адолатли ўтиш бўйича кўрсатмалари ҳақида тўхталар экан глобал даражада адолатли ўтиш учун янги имкониятлар ва стратегиялар тақдимотини ҳам тақдим этди. Муҳокамалар жараёнида “Адолатли ўтишни таъминлаш учун нималар зарур ва касаба уюшмалари улардан қандай фойдаланиши мумкин, адолатли ўтишни таъминлаш учун қандай воситалар мавжуд?” каби саволлар иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди.

Онлайн форматда қатнашган Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси (ХКУК) ижрочи котиби Антон Леппик ва мутахассис Берт Де Велл иштирокида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича конвенциялари (NDC, РКИК ООН) ва ҳар йили ўтказиладиган Томонларнинг Конференцияси (CОР) муҳокама қилинди.

Берт Де Велл 2024 йилнинг ноябрь ойида Озарбайжоннинг Баку шаҳрида бўлиб ўтадиган CОР29 ҳамда 2025 йилги NDC янгиланишида қандай иштирок этишга оид мавзуларни ҳам ёритди.

Конференция давомида иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб иқлим ўзгаришининг иш жойларига таъсири, қайси соҳалар зарар кўради, қайси ишчи кучларига таъсир қилади (масалан: аёллар; эркаклар; ёшлар) каби масалаларда фикрлашдилар. Шунингдек, яшил иқтисодиётга ўтишда муқобил энергия ресурсларидан кенг фойдаланиш, иш ўринларининг автоматлашиши, роботларни одамлар ўрнига ишлаши ҳисобига кўплаб иш ўринларининг қисқариш масалалари ечими бўйича ҳам сўз борди.

Глобал исиш, ҳаво ҳароратининг ўзгариши очиқ ҳавода ишлаётган қишлоқ хўжалиги, транспорт ходимлари, давлат хизматлари, қурилиш, тез ёрдам, хизмат кўрсатиш, норасмий иқтисодиёт соҳаларида, ташқи миграцияда меҳнат қилаётганлар, иситилмайдиган ёки совутилмайдиган хоналарда вентиляция ва аспирация тизимлари билан боғлиқ иш ўринларидаги ходимларнинг меҳнат хавфсизлиги масалалари қизғин муҳокамалар марказида бўлди.

ХМТнинг Адолатли ўтиш дастури – корхоналарни ривожлантириш ва яшил иш ўринлари бўйича катта мутахассиси Кристина Мартинез ХМТнинг адолатли ўтишни таъминлаш ва ижтимоий шерикларнинг CОР29 да иштирок этишини қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолияти ҳақида гапирди.

Тақдимот ва муҳокамалар қуйидаги мавзуларда бўлиб ўтди:

  • Иқлим бўйича музокаралар — муносиб меҳнат ва адолатли ўтиш, “Юг-ЮГ” ва учтомонлама ҳамкорлик лойиҳаси ва PAGE Глобал сиёсат форуми.
  • Иқлим ўзгаришларининг иш ўринларига таъсири (CA4JI)
  • Осиё-Тинч океани ва Кавказдаги амалий тадқиқотлар (масалан: Осиёдаги тўқимачилик, тикувчилик ва қишлоқ хўжалиги, шу жумладан Орол денгизи билан боғлиқ бўлганлар, Вьетнам ва Малайзиядаги кимёвий моддалар, Жанубий-Шарқий Осиёда энергия алмашинуви, Арманистонда етказиб беришнинг яшил занжири)

Бундан ташқари иқлим ўзгариши билан боғлиқ режалар, позициялар, ҳукумат ва иш берувчилар билан мулоқот, миллий даражадаги CОР29 га тайёргарлик бўйича иштирокчилар билан мунозаралар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон давлатлари вакиллари конференциянинг иккинчи кунини иқлим ўзгариши ва адолатли ўтиш соҳасида касаба уюшмаларининг ҳаракат стратегиясини белгилашга қаратилган тадқиқотлар тақдимоти билан бошлади.

Тақдимотдан сўнг, «Касаба уюшмалари ўзгаришлар иштирокчиси сифатида: иқлим ўзгариши ва адолатли ўтиш сиёсати ва режалари» мавзусидаги гуруҳ ишларида қуйидаги саволлар муҳокама қилинди:

  • Мамлакатингизда адолатли ўтишни таъминлаш учун қайси соҳалар муҳим ўрин эгаллайди?
  • Яшил ўтиш рақамли ўтиш билан қандай боғлиқ?
  • Касаба уюшмалари турли даражаларда қандай фаолият кўрсатиши керак (масалан, корхона даражаси, тармоқлар даражаси, миллий даража, минтақавий даража, халқаро даража)?
  • Мавжуд иш ўринларини қандай ҳимоя қилиш ва янги “яшил” муносиб иш ўринларини тарғиб қилиш ва ташкил этиш керак?

Гуруҳ иши тақдимотларини тинглаб ва муҳокама этиб, конференция ўз резолюциясини қабул қилди. Унда қуйидаги масалалар акс этди:

  • Яшил иқтисодиётга иқтисодий барқарор ўтишга эришиш бўйича ижтимоий ҳамкорлар билан ижтимоий мулоқот ва уч томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш;
  • Иқлим ўзгариши шароитида иқтисодий, ижтимоий ва экологик йўналишларда ижтимоий шериклар ўртасида шартномалар тузиш ташаббуси;
  • Касаба уюшмалари аъзоларини корхоналар, тармоқлар даражасида ва миллий даражада ижтимоий мулоқот жараёнига фаол жалб қилиш, имкониятларни баҳолаш ва яшил ўтиш жараёнида юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш;
  • Атроф-муҳит масалалари билан боғлиқ аниқ қоидаларни жамоавий музокаралар кун тартибига ва барча даражадаги жамоа шартномаларига киритиш, корхоналарнинг экологик стандартларга риоя қилишини рағбатлантириш;
  • Касаба уюшмаларининг иқлим ўзгариши шароитида адолатли ўтишни таъминлаш жараёнининг асосий иштирокчиларидан бири сифатида Давлат дастурлари ва меъёрий ҳужжатларга, жумладан, иқлим ўзгаришига мослашиш жараёнини ташкил этиш ва амалга ошириш қоидаларига киритилиши;
  • Касаба уюшмалари стратегиялари ва ички қоидаларига иқлим ўзгариши шароитида адолатли ўтишни рағбатлантириш масалаларини ўз ичига олган ҳолда тузатишлар киритиш.

Нодира Ғоибназарова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири