04.07.2024. 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари томонидан кўплаб тадбирлар уюштирилди.
Урганч РАНЧ технологиялар университети талабалари иштирокида “Феруз-Хоразм” МЧЖда ташкил қилинган мулоқот самимий руҳда кечди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Исмоилов, Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти кенгаши раиси Камолиддин Рўзметов касаба уюшмалари томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб бердилар.
Талаба ёшлар МЧЖ цехларида бўлиб, ишчи-хизматчиларга яратилган шароитлар, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишдилар.
Корхона асосан Мудофаа вазирлиги буюртмаси асосида ҳарбий либослар тикади. Шунингдек, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бу ерда фаолият кўрсатувчи 100 нафар ходимнинг аксарияти ёшлар. Ходимларга иш ҳақлари вақтида тўлаб берилмоқда. Фаол ишчилар қўшимча рағбатлантирилмоқда. Бепул кийим-бош ва тушлик ташкил қилинган. Бундан ташқари, ишчиларнинг фарзандлари МЧЖ қошидаги мактабгача таълим ташкилотига имтиёзли қабул қилинади.
Талабалар ходимлар билан мулоқот давомида ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдилар.
Шуни айтиб ўтиш керакки, Урганч РАНЧ технологиялар университети Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси тасарруфига янги қабул қилинган бўлиб, тармоқ касаба уюшмаси томонидан аъзоларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.