15.07.2024. Бугунги кунда инсоният ҳаётида кимё фани ва кимё саноати нечоғли муҳим ўрин эгаллашини барчамиз бирдек биламиз. Кимё фанисиз ишлаб чиқаришни тасаввур қилиш қийин. Аҳолининг соғлом ҳаёт кечириши ва саломатлигини сақлашда кимёвий кашфиётлари ўзига хос ўринга эга.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан 2019 йилда жорий этилган “Энг фаол ёш ишчи касб эгаси” танлови доирасида Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган лаборант ходимлар ўртасида “Энг яхши кимёвий таҳлил лаборанти” кўрик-танлови ўтказиш анъанага айланган.
Танловдан кўзланган мақсад – мамлакатимизда мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқлари ва ўз касбини пухта ўзлаштирган ёш мутахассисларни тайёрлаш, шунингдек, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мувофиқ юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ишчи касбларни оммалаштириш, иқтидорли ёш мутахассисларни аниқлаш, уларнинг касбий маҳорати ва билим даражасини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратишдир.
Куни кеча Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё ва технологиялар университетининг Тошкент шаҳар филиалида тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган лаборантлар иштирокида кўрик-танловнинг республика-тармоқ босқичи ўтказилди.
Танловнинг биринчи шартида иштирокчилар ўзлари ва иш жойлари ҳақида қисқача маълумот бердилар ва шахсан ўзлари олиб бораётган илмий изланишлари бўйича тақдимотларини намойиш этдилар.
Иккинчи шартда мутахассислик ва техника хавфсизлигига оид ёзма саволларга жавоб бериш орқали ёш лаборантларнинг билимлари синовдан ўтказилди.
Учинчи шартга кўра иштирокчилар томонидан университет лабораториясида ўтказилган кимёвий таҳлиллар барча кузатувчилар эътиборини ўзига тортди.
Танловда 1-ўринни “Навоийазот” АЖ 33-Марказий лаборатория бирлашмаси цехи 2-тоифали реактивлар ишлаб чиқариш аппаратчиси Сайёра Қосимова муносиб деб топилди. 2-ўрин “Maxam-Чирчиқ” АЖ Техник назорат бўлими лаборанти Мунира Эркиновага насиб этди. Фахрли 3-ўринни эса “Қўнғирот сода заводи” МЧЖ Абсорбция, дистилляция, карбонизация ва фильтрлаш цехи лаборанти Гулшат эгаллади.
Қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлган кўрик-танлов ғолиблари Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан тақдирландилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати