19.07.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгашига Бўка туманидаги 40-сонли мактабда ишловчи ходимдан шикоят келиб тушди.
Мурожаатга кўра, ушбу мактабнинг директор ўринбосари А.Туранов ўзи билан бирга ўқитувчи бўлиб ишловчи аёли, II гуруҳ ногирони бўлган Н.Туронованинг даволаниши учун моддий ёрдам сўраб, директор номига ариза ёзган. Бироқ мактаб директори унинг аёли ногиронлик нафақасини олаётганини важ қилиб, моддий ёрдам ажратишдан бош тортган. Такрорий мурожаатлардан сўнг ҳам директор турли сабаблар билан рад этаверган.
Шундан сўнг, мурожаатчи юқори ташкилотларга шикоят хати киритишга мажбур бўлди. Ушбу мурожаат Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори ҳамда мутахассис томонидан жойига чиқиб ўрганилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-қарорининг 7-боб, 33-бандида, яъни «Умумтаълим муассасалари ходимларига моддий ёрдам уларнинг мурожаатига кўра ёки умумтаълим муассасаси касаба уюшмаси ташкилотининг ташаббуси бўйича фавқулодда ҳолларда, яъни яқин қариндоши (отаси, онаси, турмуш ўртоғи, фарзанди) вафот этганда, ходим ва унинг яқин қариндоши (отаси, онаси, турмуш ўртоғи, фарзанди) оғир жароҳат олганда, оғир касалликка чалинганда, ходим табиий офатдан зарар кўрганда кўрсатилади», деб белгилангани раҳбарга тушунтирилди. Ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар, талаблар тушунтирилгач, фуқаро А.Турановга моддий ёрдам ажратиш белгиланди.
Машраб Мирзаев
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори