[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

26.07.2024. «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастурида халқимизнинг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш, таълим ва фан соҳаси, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлиги ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш ва бошқа қатор йўналишларда аниқ вазифалар белгилаб берилган. Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти кенгаши бу борада тизимли ишларни амалга оширяпти.

Хусусан, халқ билан мулоқот механизмларини такомиллаштириш юзасидан «Бир мурожаат – натижа» тамойили асосида кўтарилган масалаларни тезкор кўриб чиқишга эътибор қаратиляпти. Йилнинг ўтган даврида вилоят кенгашига жами 30 та ёзма мурожаат келиб тушди. Уларнинг 10 таси қаноатлантирилиб, 10 нафар касаба уюшма аъзосининг ҳуқуқлари тикланди. Шундан 8 та ҳолатда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларга, битта ҳолатда олий судгача кассация аризалари киритилиб, ходимлар манфаати ҳимояланди. Пировардида 10 нафар ходимга 110 833 минг 85 сўм маблағ ундириб берилди. Қолган аризалар бўйича ишлар давом этмоқда.

Умуман, вилоят кенгаши ва бошланғич ташкилотларга ярим йил давомида 1259 та ёзма ва 1520 та оғзаки, жами 2779 та мурожаат йўналтирилди. Уларнинг 1772 таси қаноатлантирилди, 995 тасига тушунтириш берилди ва 2таси рад этилди.

Ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан 2024-2026 йилларга мўлжалланган ҳудудий келишув тузилишига эришилди. Натижада жорий йилнинг февраль, март ойларида ходимлар турмуш даражасини ошириш, меҳнат муносабатлари ва меҳнат муҳофазасига оид амалдаги қонунлар, қонуности ҳужжатларида белгиланган имтиёз ва кафолатларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш мақсадида кенгаш тасарруфидаги 45 та бошланғич ташкилотда қабул қилинган жамоа шартномаларининг бажарилиши якунлари кўриб чиқилди. 2024-2026 йиллар учун 42 та бошланғич ташкилотда янги жамоа шартномаси қабул қилиниб, улар таркибига бирлашган 149 та юридик шахснинг барчаси жамоа шартномавий муносабатлар билан қамраб олинди.

Жамоа шартномаларига ходимларнинг ҳақҳуқуқлари ҳимоясини кучайтирувчи меъёрлар, иш ҳақи миқдори оширилишини назарда тутувчи бандлар, иш ва дам олиш вақти бўйича қўшимча имтиёзлар, ижтимоий ҳимояни кенгайтириш чоралари киритилиши эвазига уларни бажариш учун вилоят бўйича 254 636 775,3 сўм сарфланди.

Давлат дастурининг «Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизимни яратиш ҳамда улар учун қулай ва мақбул муҳитни яратиш» тамойили асосида 7 та корхонада ногиронлиги бўлган шахсларга ва корхонанинг собиқ ходимларидан 27 нафарига 5 млн. 400 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 23 та муассасада 136 нафар кам таъминланган оилалар вакилларига 41 млн. 900 минг сўмлик моддий ёрдам берилди.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлашда жамоа шартномаларига киритиш натижасида 2 нафар аёлга ижтимоий суғурта бюджети маблағлари орқали «Умид гулшани» сиҳатгоҳига бепул йўлланма ажратилди. 3 та ташкилотда икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши таътилида бўлган аёллардан 7 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди. 5 та ташкилотда 10 нафар аёлга ҳафтасига 35
соатдан ошмайдиган иш вақти белгиланди.

Бугина эмас. Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида жамоа шартномаларига киритиш орқали 16 та корхонада 19 нафар ходимга касаба уюшма маблағлари ҳисобидан бир йўла моддий ёрдам ва совғалар, 13 та корхонада 35 нафар ходимга ҳам эсдалик совғалари берилган. Шунингдек, 9 та ташкилотда 88 нафар ишламайдиган пенсионерга моддий ёрдам кўрсатилган. Нафақага чиқиб ишлаётган 48 нафар ходим санаторийларда имтиёзли йўлланмалар асосида дам олган. Ёзги мавсумда ходимлар фарзандларини соғломлаштириш ҳам намунали йўлга қўйилди.

«Жайҳун қуёши», «Урганч», «Ал-Хоразмий», «Хива гулшани» оромгоҳларида шу кунгача 345 нафар бола соғломлаштирилди. Ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ишсизлик даражасини камайтириш банди асосида 6 та ташкилотда олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 24 нафар кам таъминланган ва чин етим иқтидорли талабага шартнома пулларининг бир қисми тўлаб берилган.

Ўзбекистонда ташқи ва ички туризмни ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш орқали сайёҳлар сонини ошириш тадбири бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Байрамлар муносабати билан берилган қўшимча дам олиш кунларида 95 нафар ходимнинг маҳаллий зиёратгоҳлар, 20 нафар ходимнинг Самарқандга туристик саёҳатлари уюштирилди. «Ҳамшира – 2024» кўрик-танловининг республика босқичида иштирок этиш ҳамда Тошкент шаҳридаги бунёдкорликлар билан танишиш мақсадида 100 нафар ҳамширанинг пойтахт бўйлаб саёҳатлари ташкил этилди. Шунингдек, 54 нафар ходимнинг Жиззах вилоятидаги тоғ ёнбағирларига экосаёҳатлари амалга оширилди. Умуман, олти ой давомида 950 нафар касаба уюшма аъзоси ҳудуддаги қадамжолар ва музейларга, 204 нафари вилоятдан ташқаридаги тарихий шаҳарларга олиб борилди.

Саломатлик гарови бўлмиш спортни тарғиб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хонқа, Шовот, Хива тумани, Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси ходимлари ўртасида волейбол, шахмат-шашка, стол тенниси бўйича мусобақалар ўтказилди. Барча муассасаларда «Саломатлик сари 5000 қадам» марафонлари мунтазамлилик касб этди. Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали ҳамда Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали касаба уюшма қўмиталари томонидан ташкил қилинган «Саломатлик сари» аёллар спартакиадаси ҳам қизғин руҳда кечди. Барча тиббиёт муассасаларида ходимлар гимнастикаси намунали йўлга қўйилган бўлиб, спорт тарғиботчилари томонидан енгил атлетика, югуриш, шашка ва шахмат бўйича мусобақалар ташкил этилмоқда.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш алоҳида эътиборда. Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Раҳбар ва ёшлар» учрашувида 50 нафар Хоразм ёшлари иштироки таъминланди. Гурлан тумани тиббиёт бирлашмасида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи К.Тангрибердиев ва тармоқ касаба уюшмаси Хоразм вилояти кенгаши раиси иштирокида ўтказилган «Раҳбар ва ёшлар» учрашувида соҳанинг ёш вакилларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб қайтарилди. «Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими» ҳамда «Ҳамшира – 2024» кўрик-танловларининг муассаса, туман ва вилоят босқичлари муваффақиятли кечди. 41 та меҳнат жамоасида бўлаётган «Маърифат соатлари»да давлат дастурининг мақсад ва моҳияти кенг тарғиб қилинмоқда. Бу каби тадбирлардан кўзлаган мақсадимиз ходимларнинг ҳар томонлама манфаатдорлигини таъминлашга эришишдир.

Равшан Шенязов

Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Хоразм вилояти кенгаши раиси