22.08.2024. Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти кенгаши нафақат ишчи-ходимларини балки, уларнинг азиз дилбандларини ҳам қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келади.
Янги ўқув йилининг бошланиши ва Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муносабати билан тиббиёт муассасаларида меҳнат қилиб келаётган, кам таъминланган, эҳтиёжманд оила фарзандларининг 214 нафарига янги йили олдидан ўқув қуроллари жамланмаси совға қилинди.
Ушбу хайрли ташаббус Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти кенгаши ҳамда Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда амалга оширилди. Бундай ғамхўрлик ота-оналарни мамнун этмасдан қолмади. Улар фарзандлари учун кўрсатилган юксак эътибор учун ташкилотчиларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
— Бу йил қизим Бибисора Эгамбердиева 2-синфга боради. Бугун унга янги ўқув қуроллари ва жамланмаси берилди, — дейди Фарғона шаҳар қон қуйиш маркази кичик тиббиёт ходими Ойгул Муродова. — Шу пайтгача ҳам касаба уюшмалари кўп ёрдам бериб келган. Янги ўқув йили бошланишида фарзандимга ўқув қуролларининг совға қилиниши эса, менга катта ёрдам бўлди.
— Ўқув қуролларини олган ўғлим Муҳаммаджоннинг қувончи чексиз, — дейди яна бир кичик тиббиёт ходими Мафтуна Холиқова. — Тўғриси бу туҳфадан мен ҳам хурсанд бўлдим. Бу саҳийлик учун касаба уюшмаларига катта раҳмат, дейман.
Тадбирда сўз олган Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти кенгаши раиси Шоҳидахон Каримова ва Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқарма бошлиғининг ўринбосари Рамзжон Отабоев мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёш авлод камолоти йўлида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтдилар.
Шоҳсултон Тўхтаматов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раисининг маслахатчиси.