[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

06.09.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “2024 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратилишини ўрганиш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича Миллий мониторингни ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида” Брифинг ўтказилди.

Брифингда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бир қаторда Халқаро меҳнат ташкилоти, BCI халқаро ноҳукумат ассоциациясининг Ўзбекистондаги филиали, Халқаро касаба уюшмалари бирдамлиги учун Америка маркази мутасаддилари ҳам иштирок этдилар.

Анжуманда таъкидланганидек, сўнгги 7-8 йил давомида Президентимиз ташаббуслари билан халқ манфаатларини таъминлаш ва инсон қадрини улуғлаш мақсадида барча соҳаларда бирдек амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида ижтимоий меҳнат муносабатлари соҳасида ҳам салмоқли ютуқларга эришилди. Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли мамлакатимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам берилди. Худди шу мақсадларда қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, мавжудлари такомиллаштирилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан 2021 йилги пахта-йиғим терими мавсуми давомида ўтказилган “Учинчи томон мониторинги” натижаларига кўра Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан умуман фойдаланилмагани эътироф этилди. 2022 йил 10 март куни эса “Cotton Campaign” халқаро коалицияси ўзбек пахтасига нисбатан глобал бойкот бекор қилинганини эълон қилди ва бу Ўзбекистон учун катта иқтисодий ютуқ бўлди.

Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, мана бир неча йилдирки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан фуқаролик жамияти инстутлари иштирокида пахта йиғим-терими даврида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва теримчилар учун яратилган шароитларни ўрганиш юзасидан Миллий мониторинг ўтказиб келинмоқда.

Миллий мониторингни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – пахта йиғим-терими ишларида вояга етмаган шахсларнинг, ўқувчи ва талабаларнинг, бюджет ва нобюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун етарли яшаш, дам олиш ва меҳнат шароитлари яратилганини баҳолаш, қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хом ашёси учун адолатли меҳнат ҳақи тўланишини назорат қилиш, пахта-тўқимачилик кластерлари, фермер хўжаликлари ходимлари билан меҳнат шартномаси, вақтинчалик теримга жалб қилинган фуқаролар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муддатли меҳнат шартномаси тузилганлигини ҳамда терим отрядлари ва пахта етиштирувчи хўжалик ўртасида жамоа шартномаси тузилганлигини назорат қилишдан иборатдир. Шунингдек, Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси томонидан тайёрланган Тавсияларга риоя этилиши ҳам мониторинг жараёнида ўрганилади.

Брифингда жорий йилги Миллий мониторинг 10 сентябрдан бошланиб, 31 октябргача давом этиши маълум қилинди. Миллий мониторинг давомида камчиликлар аниқланса, уларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилиши, мониторинг юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясига ахборот бериб борилиши қайд этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, Мониторингни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳудудий мониторинг гуруҳлари тузилиб, улар таркибига тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг масъул ходимлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашлари меҳнат техник инспекторлари, шунингдек, келишилган ҳолда, Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг жойлардаги аъзо ташкилотлари вакиллари киритилди. Мониторинг самарадорлигини ошириш мақсадида Мониторинг ўтказиш ишчи гуруҳлари таркибидаги мутахассислар мониторинг жараёнида фойдаланиш учун махсус кийим бош ва ҳудудий гуруҳлар раҳбарлари интернет тармоғига уланган планшетлар билан таъминланди. Шунингдек, Миллий мониторингни сифатли ўтказиш мақсадида унинг услубиёти, “Мониторинг гуруҳларининг жойларда ҳаракатланиш кетма-кетлиги”, “Мониторингда интервью олиш саволномаси”, “Пахта йиғим-терими иштирокчилари учун яратилган шарт-шароитларни баҳолаш бўйича саволнома” ва ахборот бериш шакллари ишлаб чиқилиб, мониторинг гуруҳларига тақдим этилди.

Брифингда Миллий монитроинг жараёнида пахта тераётган вояга етмаган шахслар аниқланса, уларни зудлик билан даладан олиб чиқиш ва ўқув даргоҳига ёки уйига қайтариш чоралари кўрилиши, бу ҳақда Акт (Далолатнома) тузилиб, айбдор шахсларга нисбатан чора кўриш учун меҳнат инспекциясига юборилиши қайд этилди. Мажбурий меҳнатдан фойдаланиш холатлари аниқланган ҳолда эса зудлик билан касаба уюшмалари инспектори томонидан вазият ўрганилиши ҳамда Акт (Далолатнома) тузилиб, уларни иш жойларига қайтариш чоралари кўрилиши, шу билан бирга ҳудудий “Қайта алоқа механизми” (ҚАМ) вакилларига ҳам хабар берилиши маълум қилинди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга қаратилган Қайта алоқа механизми Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ташкил этилган бўлиб, мавсум давомида узлуксиз равишда кечаю кундуз ишлайди. Бунинг учун Федерация Юридик клиникаси ва унинг ҳудудлардаги филиалларида касаба уюшмалари вакилларининг доимий навбатчилиги ташкил қилинган. Келиб тушган мурожаатларни тезкорлик билан кўриб чиқиш мақсадида 10-92 қисқа рақамли “Ишонч телефони”, интернет сайтлар, телеграмм ижтимоий тармоғи имкониятларидан кенг фойдаланилади. Бу ҳақда касаба уюшмалари томонидан 200 та баннер тайёрланиб, республикамизнинг барча ҳудудларидаги туман, шаҳар марказларига ўрнатилмоқда, корхона, ташкилот, муассасалар ҳамда одам гавжум бўладиган жойларга эса 10 минг дона постерлар жойлаштирилди ва меҳнаткашлар ҳамда аҳоли вакилларига 200 мингта флаерлар тарқатилмоқда.

Брифингда таъкидланганидек, Миллий мониторинг жараёнида ўрганиш натижаларини ошкор этмаслик тамойилига амал қилинади (Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги ва “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги Қонунлари ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти билан келишилган “Мониторинг услубиёти” талабларига мувофиқ ошкор этмаслик тамойилига амал қилинади)  ва мониторинг якунлари тўғрисида жорий йил декабрь ойида ўтказиладиган Давра суҳбатида батафсил маълумотлар берилади.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари