16.09.2024. Меҳнат жамоаларида ишлаб келаётган ишчи-ходимларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга кўмак кўрсатиш касаба уюшмаларининг асосий вазифаларидан бири. Шу боис ҳам Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспекторлари тиббиёт муассасаларида бўлиб, аъзоларга яратилган шароитлар ва иш ҳақларини тўланиши бўйича ўрганиш ишларини олиб бормоқдалар.
Навбатдаги ўрганиш ишлари Марғилон шаҳар Санитария Эпидемиология-Осойишталик ва жамоат саломатлик бўлимида олиб борилди.
Ўрганишлар давомида ушбу муассасада 2020 йилдан буён Санитария гигиена бўлимига санитар врач ёрдамчиси бўлиб ишлаб келаётган Ғайрат Мамадалиев ва унинг ҳамкасби Акмалжон Ахатовга устама пуллари тўланмасдан келинаётгани маълум бўлди.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг “Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси “Давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисида”ги Низомнинг 1.19 бандида Санитария-эпидемиология хизмати муассасалари ходимларига “Соғлиқ учун хавфли ва меҳнат шароитлари оғир бўлган, уларда ишлаш ходимларнинг тариф ставкасига 15 фоиз миқдорида қўшимча тўлов белгилаш ҳуқуқини берадиган” лавозимларда санитария врачлари ёрдамчилари ҳам аниқ қилиб кўрсатиб ўтилган. Шунга асосан ушбу лавозимда ишловчи ходимларга лавозим маошига 15 фоиз миқдорида қўшимча тўлов тўлаш белгиланган.
Бу бўйича иш берувчига тақдимнома киритилган бўлса-да, иш берувчи турли важлар билан иккала ходимга ҳам устама тўлашни рад этади.
Мазкур иш судда кўриб чиқилди. Суднинг қарори билан Ғайрат Мамадалиевга 2020 йил декабрь ойидан 2023 йил октябрь ойигача ва шу йилнинг май ойи учун тўланмай қолган 15 фоиз устама пуллари 10 млн. 325 минг сўм, шунингдек, Акмалжон Ахатовга ҳам 2020 йил декабрь ойидан 2023 йил октябрь ойигача ва шу йилнинг май ойи учун тўланмай қолган 15 фоиз устама пуллари 10 млн. 782 минг сўм ундириб берилишига эришилди.
Зафаржон Қурбонов
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори.