11.10.2024. Маълумки, 2008 йилдан буён меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида 7 октябрь – Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни сифатида кенг нишонланади.
Сана муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши томонидан “Муносиб меҳнат – муносиб ҳаёт асосидир” шиори остида вилоят кабағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ва Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида семинар ташкил этилди.
Унда вилоят Кенгаши аппарати ходимлари, Республика тармоқ касаба уюшмаларининг вилоятдаги масъул раҳбарлари ҳамда туман-шаҳар Кенгашлари раислари, пахтачиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик юзасидан Миллий мониторинг ҳудудий ишчи гуруҳлари аъзолари иштирок этди.
Тадбирда ҳар бир ташкилот, корхона, муассасаларда ишчи-ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш, ходимлар саломатлигининг мунтазам назорати, хавфсизлик техникаси, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликларининг олдини олиш борасида касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, юртимизда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида охирги йилларда иш ҳақи бўйича қарздорликни бартараф этиш, фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш жараёнини соддалаштириш, давлат ташкилотларида ишловчи ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш каби масалалар самарали ҳал этилмоқда.
Айниқса, меҳнат қонунчилигининг такомиллаштирилаётгани, меҳнат кодекси ва “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунга аҳоли турли тоифалари учун меҳнат кафолатини кучайтиришга йўналтирилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётганлиги, “Меҳнат муҳофазаси тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганлигини таъкидлаш ўринлидир.
Тадбирда меҳнат бозорининг муҳим институтлари, яъни меҳнат инспекциялари, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, иш берувчиларнинг ижтимоий масъулиятини ошириш борасида ўзаро фикр алмашилди.
Семинар сўнггида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга тегишли соҳа мутахассислари томонидан жавоб қайтарилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши