12.10.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Умумхитой касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Ян Юйдун бошчилигидаги делегация аъзоларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков сўнгги саккиз йил давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган тизимли янгиланиш ва ислоҳотлар ҳамда уларнинг натижаларини, шунингдек, дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётган Янги Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикаси билан кўп қиррали ҳамкорлиги мутлақо янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади. Бунда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасидаги ўзаро ишонч, дўстлик ва самимий ҳамкорлик алоқалари ҳамда ўзаро ҳамфикрлилик муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро муносабатлар кўп асрлик тарихга эга. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил январь ойида Хитойга бўлган давлат ташрифи ушбу ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлади. Ҳозирги кунда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар энг юксак босқичга чиқиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик юқори динамикада ривожланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 113 та давлатлараро ва ҳукуматлараро халқаро шартномалар, 82 та идоралараро ва 88 та бошқа турдаги ҳужжатлар имзоланган. Кейинги уч йил давомида Хитой Ўзбекистоннинг ташқи савдо соҳасидаги асосий шериги бўлиб келмоқда. Икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажми 2024 йилда салкам 14 млрд. долларга етиб, рекорд даражада ўсди. Шунингдек, Янги Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокидаги 2 минг 685 та корхона фаолият кўрсатмоқда, Ўзбекистонга кириб келган Хитой сармояси эса 2024 йилга келиб 17,6 миллиард долларга етди. Ўзбекистон Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” халқаро ташаббуси доирасида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган турли дастурларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Икки мамлакат ўртасида тобора ривож топиб бораётган ўзаро ҳамкорлик алоқалари албатта томонлар касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорлик ривожига ҳам ижобий таъсир ўтказмоқда.
Шундан сўнг меҳмонлар ўз тизимида 14 та тармоқ касаба уюшмаси, 14 та ҳудудий Кенгаш, 38 мингдан зиёд бошланғич касаба уюшма ташкилотларидаги салкам 7 млн.га яқин аъзони бирлаштирган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолияти билан яқиндан таништирилди. Хусусан, охирги саккиз йилда “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонун қабул қилингани, Президентимиз ташаббуслари билан 11 ноябрь – “Касаба уюшмалари куни” этиб белгилангани, Трипартизм асосида Ўзбекистон Ҳукумати, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Иш берувчилари Конфедерацияси ўртасида Бош жамоа келишуви имзоланиб, амалиётга татбиқ этилаётгани, касаба уюшмалари ташаббуси билан Ижтимоий меҳнат масалалари бўйича уч томонлама Комиссия фаолияти йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 24 та Конвенцияси ва 1 та протоколи ратификация қилингани, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларидан келиб чиққан ҳолда 5 мингдан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига тегишли таклифлар берилгани, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси, Малака ошириш институти, Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейи, Болаларни соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси, Болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти ташкил этилгани қайд этилди. Таъкидлаш зарурки, 2017 йилда Федерация тизимида 17 та санаторий мавжуд бўлган бўлса, сўнгги 7 йилда улар сони 31 тага етказилди. Болалар оромгоҳлари сони эса 2016 йилда 18 та бўлган бўлса, ҳозир 107 тага етди.
Умумхитой касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси аъзоларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Муғулистон ва Ўзбекистон касаба уюшмалари ўтасида Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши, 2022 йилда эса Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар касаба уюшмалари Кенгаши ташкил этилгани катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, 2025 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари ташкил этилганлигига 120 йил тўлиши, бу Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятининг нақадар узоқ тарихга эга эканлигини кўрсатиши, бугунги кунда ушбу санани келгуси йилда кенг нишонлашга алоҳида тайёргарлик кўрилаётгани Хитойлик меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди.
Учрашувда Умумхитой касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Ян Юйдун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва ўзаро фикр ва тажриба алмашишдан манфаатдор эканликларини билдирар экан, икки мамлакат раҳбарларининг улкан саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон ва Хитой ўтасидаги давлатлараро самарали ҳамкорлик муносабатларининг энг юқори босқичга кўтарилганини ва бу борада салмоқли натижаларга эришилаётганини алоҳида таъкидлади. Бундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ва Хитой касаба уюшмалари ўртасида ҳам ўзаро яқин алоқаларни янада ривожлантириш айни муддао эканлиги, ва ушбу ҳамкорлик долзарб аҳамият касб этишини қайд этди. Айниқса, икки мамлакат касаба уюшмалари ўртасида ўзаро тажриба алмашинувни йўлга қўйиш орқали меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоялаш борасида кўплаб илғор тажрибаларни ўрганиш ва оммалаштириш имкониятлари яратилишига урғу берди.
– Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан улкан янгиланиш ва ислоҳотлар ўтказилаётгани ва бу ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлашга қартилганини алоҳида таъкидламоқчиман, – деди Умумхитой касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Ян Юйдун. – Мазкур жараёнда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида ҳам катта кўламдаги ишлар амалга оширилаётгани қувонарлидир. Бизни Ўзбекистонда жуда ҳам илиқ ва дўстона руҳда кутиб олганликларингиз учун миннатдорчилик билдираман. Умумхитой касаба уюшмалари 100 йиллик тарихга эга. Биз Ўзбекистонлик дўстларимиз билан ўзаро фикр ва тажриба алмашишдан манфаатдормиз Ҳозирда Хитойда 200 миллионга яқин аъзони бирлаштирган 2 миллиондан зиёд қуйи касаба уюшмалари мавжуд. Биз бугунги кунда дунёнинг 100 га яқин мамлакати билан ҳамкорлик шартномаларига эгамиз. Улар сафига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам қўшилаётгани биз учун шарафдир. Шу маънода биз бир-биримиз билан тажриба алмашувни йўлга қўйишимиз икки мамлакат касаба уюшмалари фаолиятида янги тарих яратишига ва бир-биримиздан жуда кўп нарсаларни ўрганишимизга ишонамиз.
Мулоқот давомида анжуманда иштирок этган Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь ҳамда видеоконференц алоқа орқали республикамиз ҳудудларидан иштирок этган касаба уюшма фаоллари ҳам сўзга чиқиб, Хитой ва Ўзбекистон касаба уюшмалари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари, биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар ва дастурларнинг кўлами ниҳоятда кенг эканлиги хусусида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
– Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар бугунги кунда юқори босқичга кўтарилиб, энг яхши даврни бошдан ўтказмоқда, – деди Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Юй Цзюнь. – Бу халқаро ва минтақавий масалаларда бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиздан далолатдир. Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташабуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг қай даражада муваффақиятли кечаётгани ҳамда Янги Ўзбекистон қурилишининг жадал давом этаётганини кўриб турибмиз. Мазкур жараёнлар албатта бизни ҳам қувонтирмоқда. Бугунги кунда худди Хитойдаги каби Ўзбекистонда ҳам касаба уюшмалари муҳим ташкилот ҳисобланади. Шу маънаода мазкур анжуман жуда катта тарихий аҳамиятга эга ва икки мамлакат касаба уюшмалари ҳамкорлигини янада ривожлантиришга муҳим тарихий қадам қўйилганидан далолатдир.
Дўстона ва самий руҳда ўтган анжуман якунида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Умумхитой касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Анжуман иштирокчилари томонидан мазкур Меморандум Ўзбекистон ва Хитой касаба уюшмалари ҳамкорлигининг янги даврини бошлаб бериши таъкидланди.
Учрашувдан сўнг меҳмонлар Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи билан танишиб, меҳнаткашлар маънавиятини юксалтириш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маълумотларга эга бўлдилар.
Ташрифнинг иккинчи куни Умумхитой касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси аъзолари пойтахтимиздаги бир қатор диққатга сазовор жойларда бўлдилар. Хусусан, “Янги Ўзбекистон” боғида Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйдилар. Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академиясида бўлиб, ушбу масканда талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар ҳамда махсус аллеяда дарахт кўчати ўтқаздилар. Академиядаги суҳбат асносида делегация аъзолари томонидан икки томонлама профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўқуви алмашувини йўлга қўйиш, бу орқали уларнинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш таклифини билдирдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институтига бўлган ташриф давомида эса касаба уюшма мутахассисларининг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар. Делегация аъзолари Касаба уюшмалари тарихи музейида ҳам бўлиб, музейдан ўрин олган бебаҳо тарихий ҳужжатлар ва экаспонатларни катта қизиқиш билан кўздан кечирдилар.
“Uztex Tashkent” корхонаси бошланғич касаба уюшма қўмитаси фаолияти ва бу ерда меҳнаткашлар учун яратилган шарт-шароитлар, касаба уюшма қўмитаси ва иш берувчи ижтимоий шериклигида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, меҳнатни муҳофаза қилиш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар билан танишув жараёни делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.
– “Uztex Tashkent” корхонаси бошланғич касаба уюшма қўмитаси ва иш берувчи ўртасида имзоланган Жамоа шартномасида ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш мақсадида жуда муҳим меъёрлар кирилгани эътиборимни тортди, – деди Умумхитой касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Ян Юйдун. – Айниқса, иш берувчининг ташаббуси билан ходимни ишдан бўшатишдан аввал албатта касаба уюшма қўмитасининг розилигини олиш шартлиги тўғрисидаги банд диққатга сазовордир. Бу Ўзбекистон касаба уюшмаларининг жамиятда нақадар муҳим ўрин тутиши ва меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида катта тажриба ҳамда мавқега эга эканлигидан далолатдир.
Шунингдек, Умумхитой касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси аъзолари Самарқанд шаҳрига ҳам ташриф буюриб, “Sam Antep Gilam” қўшма корхонаси ва касаба уюшма қўмитаси фаолияти, Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар, “Боқий шаҳар” мажмуаси билан танишдилар. Самарқанд вилоят касаба уюшмалари фаоллари билан учрашдилар.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари