22.10.2024. “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятида иш берувчи ва касаба уюшмаси ҳамкорлигида хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилиши билан бирга уларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга қаратилган бир қатор тадбирлар ташкил этиб келинмоқда.
Хусусан, куни кеча Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Оrient Village” дам олиш масканида “Тимбилдинг” тадбири ўтказилди.
Унда “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти ва унинг тизимидаги корхоналарда, шунингдек, вилоятларда жойлашган халқаро аэропортларда фаолият юритиб келаётган хотин-қизлардан ташкил топган жамоалар иштирок этдилар.
Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад – хотин-қизлар етакчилигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга, шунингдек, компания ходимлари ўртасида жамоавий руҳни мустаҳкамлашдир.
Тадбир доирасида хотин-қизларнинг жамиятдаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, гендер тенглиги кафолатларини таъминлаш мавзуларини ўз ичига олган давра суҳбатлари, шунингдек, спорт ва интеллектуал мусобақалар бўлиб ўтди. Давра суҳбатларида мутахассислар томонидан иштирокчиларга мавзуга оид маълумотлар берилиб, билим ва кўникмалари бойитилди.
Анжуманда Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева, “Uzbekistan Airports” АЖ бошқаруви раиси ўринбосарлари Анвар Абдукадиров ва Баҳодир Мирусманов, Ўзбекистон авиация ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Улуғбек Назиров иштирок этди.
Иштирокчилар таъкидлаганларидек, компанияда бу каби тадбирларнинг мунтазам равишда ўтказиб келинаётгани жамоадаги хотин-қизларнинг ўзаро дўстона муносабатларини мустаҳкамлаш ва ташкилотда аёлларнинг раҳбарлик қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилади. Шуниндек, жамоавий бирдамлик ва профессионал кўникмаларни ривожлантиришга ёрдам беради.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати