29.10.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котиби Люк Триангл раҳбарлигида расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган делегация аъзоларининг мамлакатимиз касаба уюшмалари фаоллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Видеоконференц алоқа шаклида ўтказилган анжуманда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти, 14 та тармоқ касаба уюшмалари раислари, Федерация тизимидаги ташкилотлар раҳбарлари, Ижроия қўмитаси аъзолари ҳамда мамлакатимизнинг 14 та ҳудудидан 1000 дан ортиқ касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.
Учрашувни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.
Таъкидлаш зарурки, нуфузли делегация аъзоларининг ташрифидан кўзланган мақсад – Ўзбекистонда касаба уюшмалари томонидан иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳамда ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқотни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар билан яқиндан танишиш, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси билан ҳамкорлиги ва унинг истиқболлари, меҳнаткашлар манфаатлари йўлидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш масаласида фикр алмашишдан иборатдир.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК) дунёнинг 180 га яқин мамлакати касаба уюшма ташкилотларини қамраб олган, 200 миллиондан ортиқ ходимларни бирлаштирган энг йирик Халқаро касаба уюшмалари бирлашмаси ҳисобланади.
Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси доирасида бир нечта регионал ва халқаро касаба уюшма тузилмалари, шу жумладан, Глобал касаба уюшмалари Кенгаши, Европа конфедерацияси ҳамда Европа ҳудуди ва МДҲ мамлакатларини ўз ичига олган Касаба уюшмалари Умумевропа регионал кенгаши (ВЕРС) фаолият кўрсатади.
Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Халқаро меҳнат ташкилоти ва БМТнинг бир қатор ихтисослаштирилган муассасалари билан яқин ҳамкорликда ишлайди.
Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси делегациясининг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков сўнгги 8 йилда мамлакатни демократлаштириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида улкан ўзгаришлар рўй бергани, айиқса, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги такомиллашув жараёнлари меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш ишларини янги босқичга олиб чиққанини алоҳида таъкидлади. Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда касаба уюшмаларининг эркин фаолият кўрсатиши, ходимларнинг касаба уюшмаларига бирлашиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилганини, Ўзбекистон томонидан Халқаро Меҳнат Ташкилотининг 24 та Конвенцияси ва 1 та протоколи ратификация қилинганини қайд этди. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясига ассоциациялашган аъзо сифатида қабул қилингани том маънода касаба уюшмаларимиз ҳаётида тарихий воқеа бўлгани ва мазкур нуфузли ташкилот билан ҳамкорлик фаолиятнинг янада такомиллашувида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Сўнги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида халқаро алоқалар ҳам кенгайиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Муғулистон ва Ўзбекистон касаба уюшмалари ўртасида Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши ташкил этилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг глобал кампанияларида фаол иштирок этиш билан бирга, янги ижтимоий шартномани яратиш бўйича глобал кампанияларни қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Алоҳида аҳамиятга сазовор бўлган яна бир жиҳат – Ўзбекистонда иш жойидаги демократиянинг илк кўринишлари бундан 120 йил аввал юзага келиб, 1905 йилдаёқ илк касаба уюшма ташкилотлари тузилганидир. Шу боис 2025 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари ташкил этилганлигининг 120 йиллигини кенг нишонлашга алоҳида тайёргарлик кўрилаётгани қайд этилди.
Шундан сўнг делегация аъзоларига Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолияти тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 14 та тармоқ касаба уюшмаси, 14 та ҳудудий Кенгаш, 38 мингдан зиёд бошланғич касаба уюшма ташкилотларидаги салкам 7 млн.га яқин аъзони бирлаштиради. Сўнгги йиллар Янги Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятида тарихий воқеаларга бой бўлди. Хусусан, касаба уюшмаларининг конституциявий мақоми мустаҳкамланди, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонун қабул қилинди, Президентимиз таклифига биноан 11 ноябрь – “Касаба уюшмалари куни” этиб белгиланди. Трипартизм асосида Ўзбекистон Ҳукумати, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Иш берувчилари Конфедерацияси ўртасида Бош жамоа келишуви имзолаб келинмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Ижтимоий меҳнат масалалари бўйича Комиссия фаолияти йўлга қўйилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси” ҳамда “Малака ошириш институти” ташкил этилди.
Учрашувда таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда иш билан банд бўлган аҳолининг 80,2 фоизи кичик ва ўрта бизнес субъектларида, хусусий секторда меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Шу боис мамлакат касаба уюшмалари томонидан хусусий сектордаги корхона ва ташкилотлар ходимларини касаба уюшмалари аъзолигига жалб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, корхоналарда касаба уюшма ташкилотини ташкил этиш ва жамоа шартномаларини тузиш орқали хусусий сектордаги корхона ва ташкилотлар ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсад қилинган. Бу йўналишда амалга оширилган ишлар натижасида, биргина 2023 йилнинг ўзида касаба уюшмалари сафига 311 минг нафар янги аъзо қўшилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари инспекциясининг тикланиши натижасида 2023 йилда қарийб 2 минг нафар фуқаронинг меҳнат ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Янги Ўзбекистонда амал қилаётган Бош жамоа келишуви, 102 та тармоқ келишуви, 14 та ҳудудий жамоа келишуви ва 118 мингга яқин жамоа шартномалари орқали ходимлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар берилиши таъминланмоқда. Касаба уюшмалари янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш, хусусий секторда меҳнат фаолиятини қонунийлаштириш дастурларини амалга оширишда ҳам фаол кўмаклашмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан 2023 йилда меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари бузилганлиги бўйича аниқланган қарийб 4,5 мингта камчиликни бартараф этиш юзасидан иш берувчиларга 455 тақдимнома киритилди. Шунингдек, иқтисодиётнинг барча тармоқларида ходимларга иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши бўйича мониторинг йўлга қўйилган. Касаба уюшма аъзолари томонидан кўтарилган муаммоларни ҳал этиш мақсадида давлат органлари вакиллари ва иш берувчилар иштирокида жамоатчилик эшитувларини ўтказиш тизимининг йўлга қўйилгани натижасида ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги муаммолар ҳал этилмоқда. Хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари ходимларини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, бюджет ташкилотларида иш ўринларини ҳавфли омилларни аниқлаш нуқтаи назаридан аттестациядан ўтказиш учун давлат маблағларини ажратиш масалалари ҳал этилди.
Ўз навбатида Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котиби Люк Триангл Ўзбекистонда бугунги кунда мамлакат Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида турли соҳаларда, хусусан, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ходимлар учун халқаро меҳнат стандартлари асосида муносиб меҳнат шароитларини яратишга, шунингдек, меҳнат аҳли турмуши фаровонлигини оширишга хизмат қилаётганини, бу орқали Ўзбекистон меҳнат соҳасидаги ўз халқаро мажбуриятларига нисбатан масъулиятли ва пухта ёндошувни намойиш этаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси делегацияси раҳбари Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, халқаро меҳнат стандартларини амалиётга татбиқ этиш борасида амалга ошираётган ишларини олқишлаб, юқори баҳолади. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги иштироки, бандликни таъминлашга кўмаклашиш, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнаткашлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, аҳоли билан қайта алоқа механизми йўналишларидаги фаолиятини, мамлакатимизда касаба уюшмаларига бирлашиш эркинлиги тўла таъминланаётгани, меҳнат жамоаларида жамоа шартномаларининг амал қилаётгани, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг халқаро ҳаморлиги ривожланиб бораётгани бошқа мамлакатларга ўрнак бўла олишини қайд этди.
Учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ҳам Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирдилар.
Шундан сўнг Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бош котиби Люк Триангл раҳбарлигидаги делегация аъзолари “Better work” лойиҳаси вакиллари билан учрашдилар.Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институти ва Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейи фаолияти билан танишдилар.
Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси делегацияси аъзоларининг Ўзбекистонга ташрифи доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати раҳбари