05.11.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институтида “Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари саноат касаба уюшмаларининг тажриба алмашиши” мавзусида халқаро семинар ташкил этилди.
Семинар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси (AСTRAV) ва IndustriALL Глобал иттифоқи ташаббуси билан Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси бошчилигида ҳамкор ташкилоталар Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Металлургия ва машинасозлик саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ходимлари касаба уюшмаси кенгаши ва “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ходимлари касаба уюшмаси кенгашлари томонидан ташкил этилди.
Семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, вазирлик ва идоралар, Туркия, Қозоғистон, Тожикистон делегациялари, Республика кенгашлари мутахассислари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.
Йиғилишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев ҳамда Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Нигора Алимджонова сўзга чиқиб касаба уюшмалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш юзасидан гапириб, халқаро семинар ишига омад тиладилар.
Семинар давомида иштирокчилар IndustriALL Глобал иттифоқи (Глобал иттифоқи Бош котиби ўринбосари Кемаль Озкан), Туркия, Қозоғистон, Тожикистон давлатларининг турдош касаба уюшмалари фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, тадбир давомида жамоа шартномаларидаги имтиёзлар, касаба уюшма аъзоларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси ҳамда ходимларга қулай меҳнат шароитларини яратишга доир масалалар тўхталиб ўтилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунда касаба уюшмалари иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солишда муҳим ўрин тутмоқда. Улар ходимларни шахсий ва жамоавий, ижтимоий, меҳнат, касбий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда салмоқли ишларни амалга оширмоқдалар.
Иштирокчилар семинар якунида ташкилотчиларга ўзаро фикрлашиш ва тажриба алмашиш, соҳага оид масалалар ва муаммолар ҳақида батафсил суҳбатлашиш ва уларни ҳал этиш йўлларини белгилаб олиш учун семинарни аъло даражада ташкил этганликлари учун ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси