18.11.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгашида “Янги ижтимоий шартнома: касаба уюшмалари нигоҳида” мавзусида минтақавий семинар бўлиб ўтди.
Унда Халқаро меҳнат ташкилоти Меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (АCТРАВ)нинг Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс Гловацкас, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Сайфулла Аҳмедов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Маҳмуджон Исаев ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Андижон ва Наманган вилоятлари Кенгашлари бўлим мудирлари ва Республика тармоқ касаба уюшмаларининг вилоятлардаги масъул раҳбарлари иштирок этдилар.
Шунингдек, семинарда видеоконференцалоқа шакли орқали тармоқ касаба уюшмаларининг туман-шаҳар Кенгашлари раислари қатнашдилар.
Семинарни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев бугунги кунда касаба уюшмалари тизимида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, унинг нуфузи йил сайин ошаётганини ва ишчи-ходимларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айланиб бораётганини таъкидлади.
Анжуманда сўз олган Халқаро меҳнат ташкилоти Меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (АCТРАВ)нинг Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс Гловацкас дунё миқёсида ўзгариб бораётган иқтисодий, ижтимоий ва экологик воқеликлар контекстида янги ижтимоий шартномани ишлаб чиқиш ва миллий ҳамда минтақавий даражаларда татбиқ этиш долзарблигини таъкидлади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Маҳмуджон Исаев семинарда маъруза қилар экан, ҳақиқатдан ҳам муносиб меҳнат ва ижтимоий адолат “янги ижтимоий шартнома”нинг асоси бўлиши кераклиги, хусусан, янги ижтимоий шартнома инсон ҳуқуқлари, меҳнат соҳасидаги асосий тамойиллар ва ҳуқуқларни ҳурмат қилиш, инклюзив ва самарали бошқарув, тўлиқ, самарали ва эркин танланган бандликни яратувчи стратегиялар, “яшил иқтисодиёт”га адолатли ўтиш, тенг меҳнат муҳофазаси, қонун ижодкорлигини такомиллаштириш ва назорат механизмини ислоҳ этиш, ижтимоий ҳимоядан умумий фойдаланиш имконияти каби йўналишларни ўз ичига олиши кераклигини қайд этди.
Минтақавий семинарда сўз олган Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Орзигул Қозихонова сўз олиб ижтимоий адолат ҳар қандай ижтимоий шартноманинг асосини ташкил этиши, унинг самарадорлиги ижтимоий адолатга муносиб меҳнат орқали эришишга боғлиқ эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистонда муносиб меҳнат ва ижтимоий адолатни таъминлаш йўналишларида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг инсон манфаатларига, айниқса, меҳнаткашларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва муносиб шароитларида меҳнат қилишига хизмат қилаётганини эътироф этди.
Семинар якунида кун тартибидаги долзарб масала бўйича фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди.
Шоҳсултон Тўхтаматов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раисининг маслахатчиси.