19.11.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгашига Фарғона шаҳрида фаолият юритиб келаётган “UZ-HANWOO” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонасининг бир гуруҳ ходимлари иш берувчи томонидан ойлик иш ҳақи тўланиши кечикаётганидан норози бўлиб мурожаат қилган эди.
Ходимлар томонидан йўлланган мурожаатни ўрганиш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши ва “UZ-HANWOO” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси раҳбарлари иштирокида музокара йиғилиши ўтказилди.
Унда “UZ-HANWOO” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси томонидан ишчиларга ойлик иш ҳақлари ўз вақтида тўланмай келинаётганлиги муҳокама қилинди.
Музокара давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев мазкур масалада аввал ҳам корхона директорига ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ўз вақтида тўлаб бериш юзасидан тақдимномалар киритилганлигини эслатиб, ходимлар манфаати юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризаси тайёрланганлигини маълум қилди.
Ўз навбатида, Кенгаш раиси агар даъво аризаси судга юборилса, корхона қўшимча равишда суд ва ундирув харажатларини тўлаши лозимлигини, ушбу ҳолат корхонанинг молиявий аҳволини янада ёмонлантириши мумкинлигини таъкидлади.
Бунга жавобан “UZ-HANWOO” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси бош директори Хо Ёнг Сик корхонани ривожлантириш ва ходимларга муносиб меҳнат шароитини яратиш бўйича бир қанча ишларни амалга ошириб келаётганлигини, корхонанинг ташқи ва ички қарзлари мавжудлиги сабабли ҳақиқатдан ҳам ишчиларга 2024 йил сентябрь ва октябрь ойлари учун ойлик иш ҳақи кечикканлигини билдирди.
Корхона раҳбари ходимларнинг ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни 3 иш кунига қадар тўлиқ тўланишини, агар белгиланган муддатда тўланмаса, суд органларига мурожаат қилинишига қаршилиги йўқлигини билдирди.
Натижада ходимларга 392 млн 7 минг 915 сўм ойлик иш ҳақлари тўлаб берилди.
Феруза Абдуллажонова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори.