27.11.2024. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Фарғона вилояти Тошлоқ туманида 5 гектар майдонда “Касаба уюшма боғи” ташкил этилган бўлиб, бугун ушбу боғга ҳудуд иқлими ва тупроқ шароитидан келиб чиқиб, бодом, олхўри, ўрик, терак ва арча каби 3 минг тупга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Бир пайтлар қаровсизликдан, ташландиқ жойга айланган ҳудуд Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан боғга айлантирилган эди. Бугун ушбу боғ чинаккам “Яшил макон”га айланди.
— Президентимиз ташаббуси билан бугун юртимизда ушбу эзгуликка йўғрилган қадимий aнъана давом эттирилиб, умуммиллий ҳаракатга айланди. Қайси бир гўшага борманг, ушбу хайрли ишнинг устидан чиқасиз, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев. — Жамоамиз билан бу эзгу ишга ўз ҳиссамизни қўшиш мақсадида “Касаба уюшма боғи”га мевали дарахт кўчатларини экдик. Ишончим комилки, бу боғ Фарғонанинг энг гўзал, кўз кўрса, қувонадиган маконига айланади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг нафақат Фарғона вилояти Кенгаши балки, Республика тармоқ касаба уюшмаларининг туман-шаҳар Кенгашлари, вилоятлардаги оромгоҳлар, Федерация тасарруфидаги сиҳатгоҳларда ҳам дарахт экиш юмушлари юқори уюшқоқликда давом этмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу боғга Кенгаш ходимлари томонидан экилган дарахтларни парвариш қилиш ва ўсишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Шоҳсултон Тўхтаматов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши раиси маслахатчиси