[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

27.11.2024. 2024 йил 21-22 ноябрь кунлари Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари иштирокида “Меҳнат ҳуқуқлари бўйича хабардорликни ошириш ва халқаро меҳнат стандартлари самарадорлигидан фойдаланишда касаба уюшмаларининг роли” мавзусида ҳамкор давлатларнинг минтақавий йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу ҳалқаро йиғилишда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия, Тожикистон республикаси вакиллари ҳамда Тожикистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги раҳбарияти иштирок этдилар.

Минтақавий йиғилишни Тожикистон Республикаси таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши раиси Зулҳия Нозакзода очди. Сўнгра Тожикистон Мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Неъматзода Маликшо ҳамда Тожикистон Республикаси Таълим ва фан вазири ўринбосари Журазода Жамшед Тожикистонда меҳнат ҳуқуқлари ва Халқаро меҳнат нормаларидан самарали фойдаланишда касаба уюшмаларининг ўрни ҳақида ўз фикр-мулоазаларини билдирдилар.

ХМТ вакили Гоча Aлександрия ХМТнинг миссияси ва ваколатлари, халқаро меҳнат стандартлари ва уларни амалга ошириш устидан ХМТнинг назорат механизми билан боғлиқ барча масалаларни очиб берди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши вакиллари ҳам барча иштирокчилар қатори Ўзбекистонда ХМТ конвенцияларининг ижроси, уларни татбиқ қилиш самарадорлиги ва таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳатларда касаба уюшмаси ташкилотларининг роли ҳақида маъруза қилдилар. Маърузадан сўнг иштирокчиларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб берилди.

Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон ва Тожикистон таълим ва фан ходимлари  касаба уюшмаси вакиллари ҳам ўз тақдимотлари билан ўртоқлашдилар. Шунингдек, меҳнат ҳуқуқлари ва халқаро меҳнат стандартларидан самарали фойдаланиш ҳақида хабардорликни оширишда касаба уюшмаларининг ўрни ҳақида фикр алмашдилар ва ўз иш тажрибаларини тақдим етдилар.

Икки кун давом этган бу халқаро учрашув мунозараларга бой бўлиб, касаба уюшмалари ва давлат органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг муваффақиятли намуналари, меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган муҳим қадамлар кўриб чиқилди. Тажриба алмашинуви иштирокчиларга меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида илғор тажрибаларни аниқлаш ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш имконини берди.

Таълим ва илм-фан соҳасини ривожлантириш, сифатли таълим олиш, ўқитувчилар мавқеини юксалтириш, таълим ва фан соҳаси ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалалари барча давлатлар мисолида амалга оширилаётган ижтимоий сиёсатнинг марказида экани таъкидланди.

Тожикистонда меҳнат муносабатлари соҳасида вақти-вақти билан халқаро стандартларга жавоб берадиган ва бевосита ижтимоий савияни, муносиб меҳнатни оширишга, ходимлар учун хавфсиз ва қулай меҳнат шароитларини таъминлашга қаратилган ҳужжатлар қабул қилинаётгани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат муносабатларини тартибга солиш ва ҳукуматлар, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шерикликни кенгайтиришга қўшган ҳиссаси катта бўлиб, у томонидан конвенция ва тавсиялар шаклида қабул қилинган ҳужжатлар меҳнат муносабатларини адолатли тартибга солишга хизмат қилмоқда.

Минтақавий йиғилиш якунида иштирокчилар меҳнат ҳуқуқлари, меҳнатни назорат қилиш тизими, меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, яхши меҳнат шароитларини яратиш ҳамда миллий ва халқаро талабларни ҳисобга олган ҳолда меҳнат тизимини такомиллаштириш йўллари ҳақида хабардорликни ошириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Ундан ташқари, доимий ахборот ва тажриба алмашишни самарали йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.

Лазокат Турикова