27.11.2024. Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Республикамизнинг барча ҳудудларида кўплаб мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари экилиб, янги боғлар ташкил этилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам бундай хайрли тадбирларда фаол иштирок этиб, амалга оширилаётган эзгу ишларга ўз муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бунга жорий йил бошида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳридаги “Қумариқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилган “Касаба уюшмалари Федерацияси боғи” ёрқин мисол бўла олади.
Энг аввало пухта тайёрланган лойиҳага кўра, жами 5,5 гектарлик майдонда тегишли агротехника талаблари асосида ерга ишлов берилиб, дастлабки босқичда 5600 дан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Боғдаги ниҳолларни парваришлаш, ўз вақтида тўғри суғориш, табиий ўғитлар билан озиқлантириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида ўтказилган мазкур дарахт кўчатларининг деярли барчаси туп қўйиб, кўкаришига эришилди.
Ўтган қисқа вақт ичида Касаба уюшмалари боғи ҳудудига янги ниҳолларни ўтказиш, мавжудларини меҳр билан парваришлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиши натижасида бугунги кунда боғдаги мевали ва манзарали дарахт кўчатлари сони 18 минг 875 тага етди. Хусусан, 8 минг 490 туп кримпсон, голден, Сўх гўзали, галла сортли олма кўчатлари, 450 туп гилос, 325 туп заранг, 400 туп шумтол, 160 туп сакура, 120 туп каштан дарахтлари экилди. Шу билан бирга боғ ҳудудига 4 минг 300 дан ортиқ гул кўчатлари ва бутасимон ўсимликлар ҳам ўтказилди. Шу тариқа қисқа вақт ичида кенг майдонда инсон кўзини яшнатиб, дилларга ором берувчи яхлит гўзал манзара ҳосил қилиниб, яшилликнинг бетакрор симфонияси яратилди. Боғ замонавий деворлар билан ўралиб, унинг атрофлари ободонлаштирилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 21 октябр куни Марказий Осиё атроф муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”)га ташриф давомида ҳамда кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида куни кеча Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Касаба уюшмалари боғи”да кузги дарахт экиш акцияси ташкил этилди. Акция доирасида 100 нафардан ортиқ касаба уюшма фаоллари, хусусан, Федерация, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, тасарруфдаги ташкилотларнинг мутасаддилари ва ходимлари, шунингдек, Нурафшон шаҳри нуронийлари иштирокида “Касаба уюшмалари боғи”га яна 5 минг туп мевали дарахт кўчатлари экилди.
Президентимиз томонидан илгари сурилган долзарб ташаббус қулоч ёйиб, юртимиз бўйлаб яшил маконлар кўпайишига хизмат қилмоқда. Касаба уюшмалари боғида ташкил этилган тадбирда ҳам атроф-муҳит мусаффолигига ҳисса қўшувчи яшиллик олами бир неча минг дарахтлар ҳисобига яна бир неча каррага кўпайди. Ҳар бир кўчат турига караб, меҳр билан олдиндан белгиланган каторларга жойлаштирилди. Чин дилдан бажарилган хайрли ишлар натижасида қисқа вақт ичида бу жойлар кўзни кувонтириб, дилни яйратадиган масканга айланиб улгурди, десак муболаға бўлмайди. Ҳа демай ушбу боғ нафақат Нурафшон шахри, балки бутун вилоят кўркига кўрк қўшадиган масканга айланишига шубҳа йўқ.
Таъкидлаш ўринлики, кўчат экиб, боғ яратиш шунчаки мавсумий юмуш эмас, балки инсоннинг ҳаётига ҳақиқий барака киритадиган эзгу амалдир. Сўзимизнинг исботи сифатида жорий йилда яратилган касаба уюшмалари боғидан самарали фойдаланган ҳолда бу йилнинг ўзида 10 тоннадан зиёд қовоқ, 1,5 тоннадан ортиқ мош, 1 тоннадан зиёд қизил ловия, 1,5 тоннадан кўпроқ маккажўхори, 3 тонна бақлажон ва 500 килограммдан помидор ҳамда булғор қалампири етиштирилиб, аҳоли дастурхонига тортиқ қилинганини келтиришимиз мумкин.
Ушбу боғнинг келгусида гуркираб яшнаши учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан экилган ниҳолларни томчилатиб суғориш технологияси жорий этилмоқда. Мақсад, барча кўчат ва гулларни ўз вақтида сув билан таъминлаш. Боғга ўтказилган кўчатларнинг суғориш тизимлари, вегетация ва кўкариш жараёнлари назорати эса боғнинг малакали агроном ва мутахассислари назорати остида олиб борилмоқда. Ўз навбатида, ушбу экилган дарахтларни парваришлаш, турли касалликлардан сақлаш ва суғориш ишлари жадал йўлга қўйилганини айтиб ўтиш хам жоиз.
Хусусан, шу кунга қадар биогумус ва аммофос дори препаратлари билан ерни ўғитлаш қайта ишлаш ишлари амалга оширилди. Келгусида эса Корея тажрибаси бўйича сувсизликка чидамли, иқлим шароитига мос ёпиқ илдизли контейнер ва ин-витро усулида кўчат етиштириш ишларини амалга ошириш учун “йўл хариталари” ишлаб чиқилмоқда.
Ҳар бир қарич ерни асраб-авайлаш, обод қилиш бугун дунё миқёсида долзарб масала бўлиб турган иқлим ўзгариши жараёнида жуда муҳимдир. Шу маънода Янги Ўзбекистон бўйлаб жадал суръатларда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси юртимизнинг яшил белбоғини яратишга хизмат қилади.
Тирикликнинг ёрқин ранглари акс этган мазкур боғ ҳам ҳудуд экологиясига ижобий таъсир этиши билан бирга нафақат Нурафшон шаҳри, балки вилоятнинг дилни яйратадиган масканларидан бирига айланиши шубҳасиз. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бу борадаги ишлар давом эттирилиб, ана шундай истикболли лойиҳалар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари