05.12.2024. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ҳамкорлигида Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши вакиллари учун “Марказий Осиёда ижтимоий-иқтисодий сиёсат ва меҳнат миграцияси соҳасида касаба уюшмаларининг ҳамкорлик стратегияларини илгари суриш” мавзусидаги халқаро семинар ўтказилди.
Унда ХМТ, Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Озарбайжон Республикалари вакиллари иштирок этдилар.
Анжуманда Марказий Осиёда меҳнат бозоридаги ҳолат, унда ташқи миграциянинг ўрни, ХМТнинг “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги 97-сонли (қайта кўриб чиқилган) ва “Мигрант меҳнаткашлар тўғрисида”ги (қўшимча қоидалар киритилган) 143-сонли конвенцияларини ратификация қилишни илгари суриш, субминтақадаги меҳнат миграцияси муаммоларига урғу берган ҳолда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда Марказий Осиё касаба уюшмаларининг роли, инқироз шароитларида иқтисодий ривожланиш – инқироздан чиқиш бўйича стратегиялар, Марказий Осиёда сув ресурсларини барқарор бошқариш ва иқтисодий ривожланиш учун улардан самарали фойдаланиш, Марказий Осиёсида меҳнат миграциясини бошқаришда келгусидаги йўналишлар каби масалалар муҳокама қилинди.
Мамлакатлар тақдимотларида сўзга чиққан миллий касаба уюшмалари марказлари вакиллари ўз мамлакатларидаги демографик, меҳнат бозори ва меҳнат миграцияси ҳолати, унинг мамлакат иқтисодиёти ва аҳолининг турмуш тарзида тутган ўрни ҳақида тўхталиб ўтдилар.
Шунингдек касаба уюшмалари ва ХМТ вакиллари ташқи меҳнат миграциясидаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини таъминлаш, меҳнат муҳофазаси масаласига эътибор қаратган ҳолда хавфсиз ва муносиб меҳнат шароитлари яратилишига эришиш мақсадида мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, меҳнат мигрантларини тилга, касбга ўқитиш, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш, бунда касаба уюшмаларининг фаоллигини янада ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Халқаро семинарда иштирок этган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими етакчи мутахассиси Руслан Раҳманов Ўзбекистондаги демографик ва меҳнат бозори ҳолати, ташқи меҳнат миграцияси, меҳнат мигрантларининг ижтимоий, ҳуқуқий ҳимояси, меҳнатига ҳақ тўлаш, уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича Ҳукумат ва касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида таҳлилий маълумотларни тақдим этди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Гаибназарова эса сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, яшил иқтисодиётга ўтишда яшил иш ўринлари яратиш масалалари, уларнинг ҳуқуқий асоси ва амалий тажрибалар, бунда касаба уюшмаларининг ўрни ҳақида аналитик маълумотлар билан ўртоқлашди.
Семинар давомида иш ўринларининг автоматлаштирилиши, сунъий интеллектнинг меҳнат бозорига фаол кириб келиши, плаформали бандлик, иқлим ўзгариши каби омилларнинг меҳнат бозорига ижобий ва саблий таъсирлари ҳамда муаммоларнинг ечимлари хусусида ҳам фикр алмашилди.
ХМТнинг меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTRAV)нинг Европа ва Марказий Осиё шўъбаси мудири Сергеюс Гловацкас касаба уюшмалари қошида ташкил этилган колл-марказлар меҳнат мигрантларига меҳнат соҳасига оид маслаҳатлар бериб боришини ташкил этиш, меҳнат мигрантлари масалаларини миллий даражада Бош жамоа келишуви орқали ҳал этиш таклифларини билдирди. Шу билан бирга касаба уюшмалари томонидан меҳнат мигранларини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларни соғломлаштириш, ҳуқуқий маслаҳат бериш, меҳнатини муҳофаза қилиш каби йўналишлардаги ишларнинг йўлга қўййилиши мақсадга мувофиқ эканлигини қайд этди.
ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари учун Бюроси катта мутахассиси Гоча Александриа бугунги кунда дунё бўйича 169 млн. киши ташқи меҳнат миграциясида эканлиги, лекин улар ўша давлат фуқарларига нисбатан 25 фоиз кам иш ҳақи олиши, шунингдек, улар ўртасида мажбурий меҳнат хавфи ҳам юқорироқ эканлигини айтиб ўтди. Шунингдек, ХМТнинг барча қабул қилган конвенциялари, шу жумладан, 10 та асоссолувчи конвенцияси меҳнат мигрантларига ҳам тааллуқлиги эканлиги, яъни меҳнат мигрантларида ҳам барча меҳнат ҳуқуқлари бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлади.
Семинарда Орол денгизи фожиаси ва унинг минтақа иқлими ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсири, бунинг натижасида меҳнат бозоридаги ўзгаришлар, кўплаб иш ўринлари йўқотилганлиги, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш хусусида ҳам сўз борди.
Семинар якунида Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси томонидан билдирилган таклифларни умумлаштирган ҳолда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг навбатдаги мажлиси муҳокамасига киритишга келишиб олинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати