11.12.2024. Бошқарма бошлиғига қилинган мурожаат асоссизмиди?
Ишсизлик жуда чорасиз ҳолатга тушуриб қўяркан
Қийналган чоғимда касаба уюшмаси умид бағишлади
Бандлик бўлимида… Иссиқ ўрним совуди
Гап шундаки, мен Фарғона вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бошқармасининг Фарғона шаҳар бўлимида салкам 16 йил ишладим. Фаолиятим давомида ногиронлиги бўлган, ишсиз ва меҳнат бозорида иш топишга қийналган, шунингдек, иш жойи қисқартиришга тушиб меҳнат шартномаси бекор қилинган фуқароларни ишга жойлаштириш билан шуғулланиб келганман.
Тақдир тақазоси билан жорий йилнинг июль ойида бўлим томонидан менинг ҳам меҳнат шартномам иш жойим қисқарганлиги асос сифатида кўрсатилиб бекор қилинди. Меҳнат шартномамни бекор қилинишида менинг ишда қолишдаги имтиёз ва ҳуқуқларим – малакам ва меҳнат унумдорлигим, Жамоа шартномасидаги ҳуқуқларим, қарамоғимда 2 нафар вояга етмаган фарзандларим борлиги ва ёлғиз боқувчиси эканлигим инобатга олинмади.
Ишсиз қолиш жуда қийин экан. Бандлик бўлимига иш излаб келаётган кўплаб ишсиз фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини, кечинмаларини ич-ичимдан ҳис қилдим. Ишсиз юрган 4 ойдан ортиқ давр мобайнида жуда қийналдим.
Меҳнатга оид ҳуқуқларимни ҳимоя қилиш учун бошқарма бошлиғига мурожаат қилганимда мурожаатим бошқарма бошлиғи ва бошқарманинг бош юристконсулти, Давлат меҳнат инспекцияси ҳамда кадрлар бўлими бошлиқлари иштирокида ўрганилиб, менга меҳнатга оид ҳуқуқларим бузилмаганини маълум қилишиб, мурожаатим асоссиз эканлигини айтишди.
Бир зумда… Ўзимни ожиз ва нажотсиз қолгандек ҳис қилдим. Хаёлимдан фарзандларимнинг тақдири ва келажаги ҳақидаги туганмас саволларга жавоблар ўта бошлади.
Шундан сўнг умид билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раисининг қабулига бордим. Кенгаш раисига менга нисбатан бўлаётган адолатсизликлар ҳақида батафсил тушунтириб, менга меҳнатга оид ҳуқуқларимни ҳимоя қилишда амалий ёрдам беришларини сўрадим.
Мурожаатим касаба уюшмасининг ҳуқуқшунослари томонидан ўрганилди. Буни қарангки, ўрганиш давомида иш берувчининг менинг меҳнат шартномамни бекор қилишдаги буйруғи қабул қилинишида ўндан ортиқ қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганлиги аниқланди.
Касаба уюшмаси томонидан фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига менинг манфаатларимни кўзлаб, аввалги лавозимимга ишга тиклаш тўғрисида даъво аризаси киритилди.
Судда адолат қарор топди! Мамлакатимизда Қонунлар қоғозда қолиб кетмаётганлиги ва амалда ишлаётганига яна бир бор амин бўлдим.
ФИБ Фарғона туманлараро судининг судьяси Д.Султонов ишни ҳар томонлама адолатли кўриб чиқиб, Фарғона вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бошқармаси Фарғона шаҳар бўлимининг мени ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруғини ғайриқонуний деб топиб, бекор қилди.
Қарорда мени аввалги лавозимимга ишга тиклаш ҳамда бекор юрган кунларим учун 20 млн. сўмга яқин иш ҳақи ундирилиши белгиланди.
Энди ишондимки, касаба уюшмалари ишчи-ходимларнинг ҳақиқий суянчиғи экан. Адолат қарор топишида менга кўмак кўрсатган касаба уюшмаларига ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман.
Соҳа фидойилари бор экан, барча ишчи-ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари ҳамиша ҳимоядадир!
Эндиги фаолиятим давомида иш сўраб келган фуқароларга бор имкониятимдан келиб чиқиб ишга жойлаш чораларини кўраман.
Олдинлари шунчаки йўлланма орқали бўш иш ўринларига юборган бўлсам, энди ўзим бирга бориб ишга жойлаштираман. Чунки ишсизлик жуда чорасиз ҳолатга тушуриб қўйишини бошимдан ўтказдим.
Минаввархон Маматова
Фарғона шаҳри