14.12.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгашида “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши аппарати, Республика кенгашларининг вилоят бўйича масъул ташкилотчилари, тармоқ касаба уюшмаларининг шаҳар ва туман кенгаш раислари, касаба уюшма меҳнат инспекторлар, шунингдек, вилоят ҳокимлиги, Иқтисодиёт ва молия бошқармаси, Камбағалликни қисқартириш ва Бандлик бош бошқармаси масъул ходимлари иштирок этдилар.
Тадбир иштирокчилари томонидан ижтимоий-меҳнат муносабатларининг муҳим жиҳати бўлган бандлик, ижтимоий ҳимоя, янги иш ўринларини яратиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, ишчи-ходимлар томонидан анча йиллардан бери кўтариб келинаётган қатор муаммоларнинг охирги йилларда ўз ечимини топгани давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Масалан, илгари иш ҳақини ўз вақтида тўлаш, банклардан иш ҳақи учун нақд пул олиш ёки бўлмаса тиббиёт ва таълим муассасаларида меҳнат қилиб келаётган ходимларнинг тиббий кўрик жараёнида чиқимдор бўлиб қолиш каби муаммолар мавжуд бўлиб, ҳал қилинмай келинар эди. Ҳозирда эса бу каби муаммолар тўлиқ бартараф этилишига эришилди.
Тармоқ раислари, меҳнат ҳуқуқ инспекторлари, касаба уюшма фаоллари томонидан иш фаолиятларида дуч келаётган муаммолар ва масъул идоралар билан биргалик ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳам муҳокама марказида бўлди. Шунингдек, бандлик, ижтимоий ҳимоя, янги иш ўринларини яратиш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, корхона, ташкилот ва муассасаларда ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси бўйича қизғин фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир давомида касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида амалга оширилаётган ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши