16.12.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган тарздаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Уни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.
Видеоселектор йиғилишида Марказий студиядан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясига аъо бўлган вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари мутасаддилари, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси раҳбарияти, тегишли вазирлик ва ташкилотларнинг Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари, Тошкент шаҳар туманларининг секторлар раҳбарлари ва хотин-қизлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари қатнашдилар.
Шунингдек, ҳудудий студиялардан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг иқтисодиёт ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, вилоятлар секторлари раҳбарлари, Маҳаллалар уюшмаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, туман (шаҳар) ҳокимлари ҳамда уларнинг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари, Касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашлари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этдилар.
Кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида “Аёллар дафтари” тизимининг 5-босқичи доирасида 2024 йил давомида амалга оширилган ишлар таҳлил этилиб, 2025 йилда мазкур тизимнинг 6-босқичи доирасида амалга ошириладиган долзарб вазифалар белгилиб олинди.
– Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ногиронлиги бор шахслар билан ишлаш масаласида ўтказилган видеоселектор йиғилишида яна бир бор эҳтиёжмандлар ва ногиронлиги бўлган инсонларга манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича халқимиз, айниқса, хотин-қизларимиз турмуш фаровонлигини оширишда ниҳоятда муҳим бўлган вазифалар белгилаб берилди, – дея таъкидлади Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси раиси Қудратилла Рафиков. – Алоҳида таъкидлаш зарурки, Давлатимиз раҳбари биргина, келгуси йилнинг ўзида 1 млн 200 минг аҳолини камбағалликдан чиқаришни режалаштирганлар. Ногиронлиги бор инсонлар, якка-ёлғиз ва қийналган одамларга ёрдам бериш кўламини бир неча карра оширдилар. Ушбу хайрли ишларга триллионлаб маблағлар сарфланмоқда.
Таъкидлаш зарурки, 2020 йилда 7,5 млн ёки 23 фоиз аҳолининг даромади камбағаллик даражасида бўлган бўлса, ўтган йилларда 3,5 млн кишининг ўз даромадига эга бўлишини таъминлаш мақсадида Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар натижасида 2023 йил якуни билан камбағаллик даражаси 11 фоизга тушди. Шунингдек, 2025 йил якуни билан камбағаллик даражасини мамлакатимиз миқёсида 6 фоизгача қисқартириш мақсад қилиб белгиланди ҳамда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури тасдиқланди.
Президентимиз ташаббуслари билан амалда жорий этилган ноёб тизим, яъни “Аёллар дафтари” тизими орқали хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш бўйича 2020-2024 йиллар давомида амалга оширилган ишлар натижасида Республика бўйича жами 3 млн 510 мингдан зиёд эҳтиёжманд хотин-қизларга моддий ва маънавий, уй-жой билан таъминлаш, ҳуқуқий, тиббий, психологик каби йўналшларда амалий ёрдамлар кўрсатилиб, ушбу ишларга 6 трлн. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Хусусан, “Аёллар дафтари” тизимининг 5-босқичи доирасида 2024 йил давомида:
– 549 минг нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди;
– 36 минг нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун жами 362 млрд. сўмлик кредитлар ажратилди;
– боқувчисини йўқотган 161 минг нафар хотин-қизга, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳамда тезкор тиббий ёрдамга муҳтож 182 минг нафар хотин-қизга, шунингдек, қарамоғида ногиронлиги бор фарзанди мавжуд 62 минг нафар хотин-қизга жами 403 млрд. сўм миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилди;
– боқувчисини йўқотган 2 минг нафар аёлнинг ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ва тезкор тиббий ёрдамга муҳтож 1000 нафарга яқин хотин-қизнинг уй-жойлари таъмирланди;
– уй-жойга муҳтож бўлган 6 минг нафар хотин-қизнинг уй-жой шароитларини яхшилаш чоралари кўрилди. Хусусан, уларнинг 5,5 минг нафарига турар-жой учун жами 10 млрд. 700 млн. сўм миқдорида ижара тўлови компенсацияси тўлаб берилди, 268 нафари арзон уй-жойлар билан таъминланди, 114 нафари ижтимоий уйларга жойлаштирилди.
“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга кўрсатилган мазкур асосий ёрдамлардан ташқари, қўшимча равишда:
– 211 минг нафар хотин-қиз ҳамда уларнинг 49 минг нафар вояга етмаган фарзандлари тиббий кўрикдан ўтказилди ва бунинг учун жами 37 млрд. сўм маблағ йўналтирилди;
– 180 минг нафар хотин-қизга ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди;
– 177 минг нафарига малакали психологик маслаҳатлар берилди;
– 3 минг нафар хотин-қизга деҳқончилик билан шуғулланиш учун жами 725 гектар ер майдони ажратилди;
– 9 минг нафарига ер майдонларини суғориш, иссиқхоналар қуриш, асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини ҳарид қилишлари учун жами 38 млрд. сўм миқдорида субсидиялар берилди;
– олий ўқув юртида таҳсил олаётган 388 нафар сингилларимиз ва “Аёллар дафтари”даги хотин-қизларнинг 150 нафар фарзандининг контракт тўлови учун жами 2 млрд сўм тўлаб берилди;
– “Аёллар дафтари”даги 60 минг нафарга яқин хотин-қизлар учун маданий тадбирлар, хусусан, мамлакатимиз бўйлаб саёҳатлар ташкил этилди.
Сирасини айтганда, Республикада “Аёллар дафтари”нинг 5-босқичи рўйхатига киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун жами 1 трлн. сўмга яқин маблағ сарфланди.
Республика комиссияси йиғилишида “Аёллар дафтари” Низомига киритилган ўзгаришлар асосида “Аёллар дафтари” тизимининг 6-босқичини юритишнинг янги тартиби қадамма-қадам тушунтириб ўтилди. Таъкидланганидек, Президентимизнинг тегишли Қарор ва Фармонларига мувофиқ янгиланган Низомда кўп ваколатлар “маҳалла еттилиги”га берилган. Шу боис, 2025 йилдан бошлаб, ҳар йили январь ойида “маҳалла еттилиги” секторлар ишчи гуруҳлари билан биргаликда анкета-сўровнома асосида хотин-қизларнинг барча йўналишдаги муаммоларини уйма-уй юриш орқали ўрганишлари қайд этилди. Анкета-сўровномалар тўлдирилгандан сўнг “маҳалла еттилиги” томонидан эҳтиёжманд хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси, яъни тоифаси аниқланиши, сўнгра “Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизларнинг рўйхатлари шакллантирилиши ва “маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарори билан тасдиқланиши лозимлиги қайд этилди.
Рўйхатлар тузилгач, ҳар бир аёлнинг индивидуал дастурлари ишлаб чиқилади ҳамда унда ҳар бир эҳтиёжманд аёлга кўрсатиладиган асосий ва қўшимча “амалий ёрдамлар” аниқ кўрсатилади. Яна бир муҳим жиҳат, йил давомида бирор бир аёл тақдир тақозоси билан эҳтиёжманд бўлиб қолса, масалан: боқувчиси вафот этса ёки ишдан бўшатилиб, доимий даромад манбаига эга бўлмай қолса, уларни “Аёллар дафтари”га киритиш мумкинлиги таъкидланди. Бунинг учун ушбу аёллар “маҳалла еттилиги”га ёки хотин-қизлар.уз электрон платформаси ёҳуд “Аёллар дафтари” ахборот тизими орқали “Аёллар дафтари”га киритишни сўраб мурожаат қилишлари лозим.
Секторлар раҳбарлари ҳамда оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи индивидуал дастурлар асосида “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқадилар ва тасдиқлайдилар. “Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизлар рўйхатларини шакллантириш, индивидуал дастурлар ва “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ишлари ҳар йили февраль ойи давомида амалга оширилади. Барча ҳужжатлар тасдиқлангач, март ойидан бошлаб, декабрь ойигача эҳтиёжманд аёлларга уларнинг индивидуал дастурларида белгиланган муддатларда тегишли ташкилотлар томонидан амалий ёрдамлар бериб борилади.
“Аёллар дафтари” тизимининг 6-босқичи доирасида амалга оширилаётган ишлар маҳалла даражасида — туман (шаҳар) секторлари раҳбарлари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан, туман (шаҳар) даражасида — вилоят секторлари раҳбарлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашлари, Оила ва хотин-қизлар бошқармалари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг ҳудудий бошқармалари томонидан, вилоят даражасида — Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясидан ҳудудларга бириктирилган масъул раҳбарлар, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан мувофиқлаштириб борилади. Республика даражасида эса —Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси штаби томонидан мувофиқлаштирилади.
Йиғилишда таъкидланганидек, Президентимиз ташаббусига кўра 2025 йилда “Аёллар дафтари” тизимини амалга татбиқ этишнинг 6-босқичи доирасида камида 1 млн. нафар хотин-қизга амалий ёрдам берилади ҳамда ушбу ёрдамлар сифати ва шаффофлиги янада оширилади.
Таъкидлаш зарурки, Республика комиссияси йиғилишида минглаб оилалар ва хотин-қизларнинг турмуш шароитларини яхшилашга хизмат қилаётган “Аёллар дафтари”нинг навбатдаги босқичини юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш, эҳтиёжманд хотин-қизларга ўз вақтида амалий ёрдамларни кўрсатиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича манзилли ва муддатли долзарб вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, “Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизлар муаммоларини синчиковлик билан ўрганиш, тоифаларни тўғри аниқлаш, рўйхатлар ва индивидуал дастурлар тасдиқлангач, мутасадди ташкилот ва идоралар секторлар раҳбарлари билан биргаликда хотин-қизларга амалий ёрдам бериш ишларини бошлашлари зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, “Аёллар дафтари” Низомида ҳар бир аёлга 42 турдаги ёрдамни кўрсатиш мумкинлиги белгилангани, шу боис эндиликда хотин-қизларга кўрсатиладиган “қўшимча ёрдам”лар масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилиши зарурлиги қайд этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад “Аёллар дафтари”га киритилган ҳар бир хотин-қизни имкони борича доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш эканлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, эҳтиёжманд хотин-қизларга амалий ёрдам бериш ишларида ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, камчиликларни жойида бартараф этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишларини таъминлаш, Республика комиссияси аъзоси бўлган барча вазирлик ва идораларнинг жойлардаги бошқарма ва бўлимлари бошлиқлари “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг индивидуал дастурларини пухта ўрганиб чиққачгина тасдиқлаб беришлари, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ёрдамлар, жумладан, унинг сифати ва миқдори тўлиқ бўлишини таъминлаш йўналишларида тегишли мутасаддилар олдида турган долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларни юқори савияда амалга оширишни таъминлаш борасида Республика комиссияси аъзолари, шунингдек, ҳудудий студиялардан иштирок этган масъуллар ҳам ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Йиғилиш якунида Президентимиз ташаббуслари билан амалга киритилган “Аёллар дафтари” тизими доирасида амалга оширилаётган эзгу ишлар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Шу боис барча идора, ташкилот ва вазирликлар якдиллик билан иш олиб бориши зарурлиги, бу йўлда барча мутасадди ташкилотларни халқимизни рози қилишдек улкан масъулият бирлаштириб тургани қайд этилди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари