19.12.2024. Касаба уюшмалари тизимида фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ ёшлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюрди.
Парламентнинг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси Нодир Жумаев ҳамда мазкур қўмита депутатларининг ёшлар билан учрашувида қуйи палата, сиёсий партиялар фракциялари ҳамда қўмита иш фаолияти, қонунларни қабул қилиш жараёни ҳақида сўз борди.
Хусусан, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш, биринчи ва иккинчи ўқишга тайёрлаш, ялпи мажлис муҳокамаларига киритиш билан боғлиқ муҳим масалалар юзасидан ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ҳамда унинг ҳузуридаги Ёшлар парламенти фаолияти бўйича атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланганидек, ёшларни қонун ижодкорлиги фаолиятига кенг жалб қилиш қабул қилинаётган қонунларда ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини акс эттириш, уларнинг жамият ҳаётида фаоллиги ва ташаббускорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Замонавий талабларга жавоб берадиган парламент кутубхонаси, Олий Мажлис тарихи, тараққиёти акс этган музей ҳамда ҳаётимизга дахлдор қонунлар қабул қилинадиган катта мажлислар зали ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Шоҳсултон Тўхтаматов