23.12.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош кенгашининг IX мажлиси бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.
Мажлисда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош кенгаши аъзолари, Федерация Назорат-тафтиш комиссияси, касаба уюшмалари Республика ва ҳудудий Кенгашлари раислари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари, Федерация аппаратининг бўлим мудирлари ҳамда масъул ходимлари иштирок этдилар.
Бош кенгаш мажлисида дастлаб “Ўзбекистон-2030” стратегиясидан келиб чиқиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг устувор йўналишларида белгиланган вазифаларнинг 2024 йилдаги ижроси ва 2025 йилдаги асосий вазифалар тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, 2024 йил Янги Ўзбекистонда муҳим тарихий воқеаларга бой йил бўлди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг мустаҳкам сиёсий иродаси, инсон манфаатлари йўлида амалга ошираётган тизимли ислоҳот ва ташаббуслари, халқимизнинг фидокорона меҳнати билан кўплаб соҳаларда, шу жумладан ижтимоий, иқтисодий ва меҳнат муносабатлари соҳаларида ҳам улкан ютуқларга эришилди. Хусусан, мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида камбағаллик даражаси 23 фоиздан 11 фоизга қисқарди.
Якунланаётган йил касаба уюшмалари фаолияти учун ҳам самарали йил бўлди ва 2024 йил давомида Федерация тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2024 йил давомида меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари билан боғлиқ, жумладан ижтимоий-меҳнат соҳасига оид 250 дан ортиқ, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги 100 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари кўриб чиқилиб, мутасадди ташкилотларга касаба уюшмаларининг таклифлари тақдим этилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегик йўналишларида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Халқаро меҳнат ташкилотининг 95-, 132-, 156-, 155-, 175-сонли Конвенциялари ратификация қилинишига эришилди, “183- ва 190-сон Конвенцияларни ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари лойиҳаларига таклифлар киритилди.
Касаба уюшмалари инспекциялари томонидан 106 минг 19 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланди ва ходимлар фойдасига 108 млрд. 533 млн. сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилди.
2024 йилда янги ташкил этилаётган корхона ва муассасаларни касаба уюшмаси хизмати билан қамраб олиш борасида амалга оширилган тизимли ишлар натижасида 37 мингга яқин корхона ва муассасаларда янги касаба уюшма ташкилотлари тузилиб, 1 млн. нафардан ортиқ меҳнаткаш касаба уюшмалари аъзолигига қабул қилинди ва жамоа шартномаларида кўзда тутилган имтиёз ҳамда кафолотлардан фойдаланишлари таъминланди.
Бундан ташқари касаба уюшмаси хизматига олинган 117 минг 561 та юридик шахснинг 99,9 фоизида жамоа шартномалари қабул қилинишига, улар орқали жами 5 млн. га яқин ишловчининг манфаатлари қамраб олинишига эришилди. 2024 йил давомида жамоа шартномаси билан қамраб олинган юридик шахслар сони 4 минг 387 тага, улардаги ишловчилар сони 126 минг 784 нафарга ошди.
Жамоа шартномаларига киритилган қўшимча имтиёз ва кафолатлар натижасида 24 мингдан зиёд корхона ва ташкилотда қарийб 1 млн. 100 минг нафар ходимнинг иш ҳақлари оширилди, 2,5 млн. нафардан зиёд ходим асосий узайтирилган, 3,5 млн. нафардан ортиқ ходим эса йиллик қўшимча таътиллардан фойдаланмоқда. Шунингдек, 71 минг 40 та ташкилотда жамоа шартномалари асосида ижтимоий таътиллар белгиланган бўлиб, улардан 1 млн. 219 минг 233 нафар ходим фойдаланди.
Иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик бўйича жамоатчилик мониторинги натижаларидан келиб чиқиб касаба уюшмалари томонидан суд, прокуратура, ҳокимият органлари, меҳнат инспекциясига 200 га яқин мурожаат киритилиши натижасида иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик 2024 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 2024 йил 1 январига нисбатан 95 млрд. 275 млн. сўмга камайишига эришилди.
Меҳнат муҳофазаси соҳасидаги ишлар ҳолати ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича иш берувчиларга 597 та тақдимнома киритилди ва 2 минг 676 та камчилик бартараф этилди. Корхона, ташкилот ва муассасаларнинг жамоа шартномаларида меҳнат муҳофазаси бўйича режалаштирилган 334,5 мингта тадбирнинг 310,5 мингтаси бажарилиб, бу мақсадларга иш берувчилар томонидан 246,5 млрд. сўм сарфланди.
Ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш соҳасида ҳам тизимли ишлар олиб борилди. Жумладан, жамоа шартномалари орқали 27 минг 271 та корхонада 78 минг 415 нафар кам таъминланган ёш оила вакилларига моддий ёрдам кўрсатилди. 1 минг 388 та корхонада олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 3 минг 899 нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга ўқув шартнома пулларининг қисман тўлови амалга оширилди. 1 минг 144 та корхонада 2 минг 857 нафар ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни ҳарид қилиш учун фоизсиз cсуда ажратилди. 999 та корхонада 4 минг 793 нафар ёш ходимга сафарбарлик заҳирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссуда берилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” дастури ижроси учун касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида 748 млрд. 667 млн. сўмдан зиёд маблағ (касаба уюшмалари маблағларидан 520 млрд. 696,5 млн., иш берувчилар маблағларидан 227 млрд. 971,1 млн.) йўналтирилди.
Мазкур масалалар юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят кенгаши раиси Назира Тоғаева, Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Асрор Ишанходжаев, Федерация Назорат-тафтиш комиссияси раиси Баходир Умурзоқов, Тошкент иқтисодиёт университети ректори Тўлқин Тешабаев, Федерациянинг Фарғона вилоят Кенгаши раиси Эркин Нуралиев, Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси Гулшат Маденова, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Равшан Бедилов, Федерациянинг Бухоро вилоят Кенгаши раиси Муҳаммадқосим Олимов ва бошқа мутуасаддилар сўзга чиқиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Бош кенгаш мажлисида жамоа шартномалари сифатини янада ошириш, бунинг учун уларни экспертизадан ўтказадиган мутахассислар малакасини ошириш, иш ҳақи бўйича жамоатчилик назоратини ҳамда меҳнат муҳофазасига оид талабларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш зарур эканлиги таъкидланди. Шунингдек, касаба уюшмалари бошланғич, туман ташкилотлари раҳбарларининг қонунларни амалиётда қўллаш соҳасидаги билимларини ошириш мақсадида ўқувлар ҳажмини ошириш, янги тузилаётган корхона, ташкилотларда меҳнат қилаётган барча ходимларни касаба уюшмалари хизмати билан қамраб олиш борасида долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Мажлисда тизимдаги ҳар бир касаба уюшма ташкилоти 2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” Давлат дастури асосида ўз тадбирлар дастурини ишлаб чиқиши, уларда касаба уюшмалари томонидан амалга ошириладиган комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилиши, имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш ишларини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Федерация тизимидаги соғломлаштириш масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янгиларини барпо этиш соҳасидаги ишларни тизимли равишда давом эттириш зарурлиги қайд этилди.
Бош кенгаш йиғилишида “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловларни ўтказиш”, “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг IX Қурултойини чақириш” ҳамда “Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги тўғрисида”ги масалалар ҳам кўриб чиқилди. Муҳокамалар жараёнида 2025 йилда барча даражадаги касаба уюшмалари ташкилотларида ўтказиладиган ҳисобот-сайловлар демократия ва шаффофлик тамойилларига кўра муқобиллик асосида ўтказилиши, бошланғич, туман, вилоят ташкилотлари раислари учун ҳисобот-сайловларни ўтказиш бўйича махсус ўқувларни ташкил қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 2025 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 9-Қурултойини чақириш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг кун тартибидаги навбатдаги масала, яъни “Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Халқаро Конфедерациясининг I Конгрессига делегатлар сайлаш” масаласи кўриб чиқилди ва Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Халқаро Конфедерациясининг I Конгрессига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидан делегатлар сайланди . Маълумки, 2021 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши ташкил этилган эди. Кенгашнинг 2024 йилда Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мазкур ташкилотни Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Халқаро Конфедерацияси этиб қайта ташкил қилиш ташаббуси билан чиқди ва ушбу ташаббус Кенгашга аъзо бўлган мамлакатлар касаба уюшмалари марказлари томонидан бир овоздан маъқулланди ҳамда расман тасдиқланди. 2025 йил 1 февраль куни Тошкентда Кенгашнинг навбатдаги мажлисини ва Конфедерациянинг 1-конгрессини ўтказиш режалаштирилган.
Мажлисда яна бошқа бир қатор масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари