25.12.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Мурадил Джумадилде ўғли раҳбарлигидаги делегация вакилларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига аъзо бўлган тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, Федерациянинг ҳудудий кенгашлари ва тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари, Федерация аппаратининг масъул ходимлари, онлайн режимда барча ҳудудлардаги касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари ўртасида тарихдан яқин дўстона ва ака укачилик муносабатлари бўлгани, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг сиёсий иродаси, олий даражадаги ўзаро ташрифлари, самимий мулоқотлари ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида охирги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстона ҳамкорлик алоқалари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, ушбу ҳамкорлик икки мамлакат халқлари манфаатларига хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида мустаҳкамланиб бораётган ушбу қардошлик алоқалари икки мамлакат касаба уюшмаларининг самарали ҳамкорлик қилиши учун ҳам кенг имкониятлар яратаётгани қайд этилди.
Учрашувда меҳмонларга сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида барча соҳаларда амалга оширилаётган тизимли янгиланиш ва туб ислоҳотлар ижтимоий-меҳнат муносабатларини такомиллаштиришда ҳам муҳим аҳамият касб этиб, салмоқли натижаларга эришилаётгани, шунингдек, 14 та тармоқ касаба уюшмаси, 14 та ҳудудий Кенгаш, 40 мингга яқин бошланғич ташкилотлардаги 7 миллионлик аъзони бирлаштирган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолияти тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Мазкур учрашувдан кўзланган мақсад – икки мамлакат касаба уюшмаларининг ўзаро тажриба алмашиши ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш эканлиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Касаба уюшмалари Меҳнат инспекциясининг қайта тиклангани натижасида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси самарадорлиги сезиларли даражада кучайди. Хусусан, биргина 2024 йилда амалга оширилган жамоатчилик назорати ва мурожаатларни ўрганиш натижасида 106 мингдан ортиқ ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланишига ҳамда улар фойдасига 108 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилишига эришилди.
Шуни ҳам қайд этиш зарурки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича имзоланган Бош жамоа келишуви асосида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мазкур ҳужжат асосан 102 та тармоқ, 14 та ҳудудий келишувлар, 600 дан ортиқ ҳудудий-тармоқ жамоа келишувлари ва 117 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда ва улар орқали меҳнаткаш манфаатлари ҳимоялаб келинмоқда.
Бундан ташқари Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан янги иш ўринларини ташкил этиш дастурини амалга ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда ташкил этилаётган янги иш ўринлари сони ва сифати юзасидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда ва иш топишда қийналаётган кишиларга кўмак кўрсатилмоқда. Шунингдек, Республикамизнинг барча ҳудудларида чуқур таҳлилга асосланган ҳолда меҳнат муҳофазаси ҳолатини ўрганиш амалиёти йўлга қўйилган бўлиб, унинг натижаларига кўра тегишли қарорлар қабул қилинмоқда.
Янги ташкил этилган корхона ва ташкилотлар, шу жумладан, хусусий сектордаги корхона ва муассасалар ходимларини касаба уюшмаларига жалб этиш борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2024 йилда касаба уюшмалари аъзолигига 37 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 1 миллиондан ортиқ ходим жалб этилиб, ижтимоий ҳимоя тадбирлари билан қамраб олинди.
Ўз навбатида Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Мурадил Джумадилде ўғли Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига тўхталиб ўтди. Хусусан, Янги Ўзбекистонда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида самарали ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқот йўлга қўйилгани, бунинг натижасида меҳнаткашларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида салмоқли натижаларга эришилаётгани, бу борада Қирғизистон касаба уюшмаларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятидан ўрганадиган жиҳатлари кўп эканлигини эътироф этди.
Эркин тажриба алмашув руҳида ўтган учрашувда Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси вакиллари Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган ишлари хусусида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Шунингдек, тадбир иштирокчилари ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашиб, конструктив таклифларни илгари сурдилар.
Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғрисидаги Келишув имзоланди. Мазкур Келишув нафақат икки мамлакат касаба уюшмалари Федерациялари, балки, тармоқ, ҳудудий ва бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ўртасидаги дўстона ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Икки мамлакат касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳамда касаба уюшмаларининг меҳнаткашлар манфаати йўлидаги ҳамкорлигини ривожлантиришга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Мурадил Джумадилде ўғли Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитаси қарорига мувофиқ “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофоти билан тақдирланди.
Куннинг иккинчи ярмида Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси вакиллари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Коол маркази, Юридик клиникаси, Менат инспекцияси, Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш, Меҳнат муҳофазаси каби бўлимлари фаолияти билан танишдилар. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институти, Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи ва музейига ташриф буюрган делегация вакилларига ушбу муассасалар фаолияти тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Ташрифнинг иккинчи куни Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси аъзолари пойтахтимиздаги “Ғалаба боғи” ҳамда “Янги Ўзбекистон боғи” мажмуи билан танишиб, Матонат мадҳи мемориали ва Мустақиллик монументи пойига гулчамбарлар қўйдилар.
Шундан сўнг меҳмонлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академиясида бўлдилар. Мазкур олий таълим муассасасида делегация аъзолари таълим тизими, мавжуд йўналишлар, ушбу масканда талабалар ва ўқитувчи-профессорлар учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида батафсил маълумотларга эга бўлдилар. Меҳнат муносабатлари соҳаси учун олий маълумотли кадрлар тайёрланувчи мазкур Академия Қирғизистонлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Илғор услуб ва технологияларни татбиқ этган ҳолда юқори даражада ташкил этилган ўқув шароитлари билан танишиш жараёнида мазкур жуда муҳим йўналишда ҳамкорликдаги ишларни кучайтириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари