[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

31.12.2024. Бола – бу ўзгача бир олам, ҳаёт мазмунининг ажралмас қисмидир. Болалар ўз табассумлари орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон мусаффо осмонда эркин парвоз этаётган қалдирғоч мисоли. Шу боис ҳам мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан ҳар томонлама баркамол авлод тарбиясига юксак эътибор қаратилиб, кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Яқинлашиб келаётган янги йил арафасида ҳам болажон юрт ва бахтиёр болалар мамлакати бўлган Янги Ўзбекистонда эртамиз эгалари учун ўзгача руҳ ва кўтаринки кайфият улашувчи қатор байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Ана шундай шукуҳли тадбирлардан бири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан пойтахтимиздаги Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида ўтказилди.

Байрам тадбири ва “Янги йил саргузаштлари” номли мусиқали эртак томошасига турли соҳаларда фаолият олиб бораётган меҳнаткашларнинг фарзандлари таклиф этилди.

Президентимиз ташаббуслари билан қайта тикланиб, халқимизга тақдим этилган мазкур муҳташам саройда болажонлар тантанали равишда куй ва қўшиқлар садоси остида кутиб олинди. Ёш авлод вакилларига пешвоз чиққан турли эртак қаҳрамонлари эса болажонлар қувончига янада қувонч қўшдилар.

Сарой фойесида болажонлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчилар учун мазали таомлар ва ширинликлар тайёрлаб қўйилди.

Шундан сўнг болажонлар учун Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи қошидаги “Қалдирғоч” болалар санъат маркази томонидан махсус саҳналаштирилган “Янги йил саргузаштлари” номли мусиқали эртак спектакли намойиш этилди.

Ушбу эртак орқали болажонлар катталар эъзозланиб, кичиклар иззатланган, эзгуликларни амалга ошириш асосий мақсад бўлган, баркамол авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган юртдагина инсон ўзини чинакамига бахтли ҳис қилиши мумкинлигининг гувоҳи бўлдилар. Шунингдек, тадбирда меҳр-мурувватли бўлиш ва ўзгаларга ёрдам қўлини чўзиш энг олий фазилатлардан бири эканлиги, эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалабаси, олий мақсад йўлида доимо олға интилиш ва ўзаро ишончни оқлаш зарурлиги тараннум этилди.

Спектаклдан сўнг болажонлар маданий тадбирда ҳам иштирок этдилар.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати