13.01.2025. Маълумки, бошланғич даражадаги ижтимоий шерикликнинг энг муҳим ҳужжати – Меҳнат кодексининг алоҳида боби бағишланган Жамоа шартномаси ҳисобланади.
Жамоа шартномаси – ташкилот ёки якка тартибдаги тадбиркордаги индивидуал меҳнат муносабатлари ва бевосита улар билан боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳамда ходимлар томонидан уларнинг вакиллари бўлган касаба уюшмалари ва иш берувчи ўртасида тузиладиган меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Жамоа шартномаси бутун бир ташкилотда, унинг алоҳида бўлинмаларида тузилиши мумкин. Жамоа шартномаси ёзма шаклда тузилади.
Жамоа шартномасини тузиш зарурлиги тўғрисидаги қарор ва уни тузиш масаласи бўйича жамоа музокараларини бошлаш тўғрисидаги таклиф томонлардан бири, яъни ходимлар ёки иш берувчидан томонидан берилиши мумкин.
Жамоа музокараларини ўтказиш ва Жамоа шартномаси лойиҳасини тайёрлаш учун ижтимоий меҳнат-масалалари бўйича комиссия тузилади.
Жамоа шартномаси қуйидаги шартларни ўз ичига олмаслиги зарур:
- Қонунчилик ёки жамоа келишувлари билан солиштирганда ходимлар ҳолатини ёмонлаштирувчи амалларни жорий этиш;
- Меҳнат ва касб-ҳунар соҳасидаги камситишларни таъқиқлаш тўғрисидаги талабларни бузиш;
- Мажбурий меҳнатни таъқиқлаш тўғрисидаги талабларга риоят этмаслик;
- Локал даражада ҳал бўлиши мумкин бўлган масалалар доирасидан чиқиш.
Иловада Жамоа шартномасининг 2025 йил учун ишлаб чиқилган макети берилган. [1]
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати
[1] Макет мазмуни умумий хусусиятга эга. Ҳар бир иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси фаолият соҳаси ва тури, ишлаб чиқариш шароитлари ва ташкил этилиши, иш тартиби, турли тоифадаги ходимлар меҳнатидан фойдаланишдан келиб чиққан ҳолда Жамоа шартномасига ўз аниқ ташкилоти ишлаши учун зарур бўлган меъёрларни киритади. Мазкур ташкилот фаолиятига хос бўлмаган меъёрлар (масалан, касаначилик, ишнинг вахта усули, спортчилар ёки маданият ходимлари меҳнатини қўллаш ва бошқалар) Жамоа шартномасига киритилиши шарт эмас.